Байрам ва марака маросимлари

ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ

ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ

Она Ватанга нисбатан садоқат, унга хизмат қилиш, юрт тинчлигини асраш, Ватан равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилат. Унинг мазмуни Ватанга меҳр-муҳаббатли ва содиқ бўлишдан, юртнинг ўтмиши ва бугунги учун фахрланишдан, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга интилишдан иборат. Ватанпарварлик ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя килиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади.

Исломда ватанга муҳаббат – бу туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Инсон “Ватан менга нима берди?” деб эмас, балки “мен Ватанимга нима қилдим?” деган олий туйғу билан яшамоғи лозим. 

Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Бу қумсаш биз умматга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меросдир. Чунки ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Бу давр мобайнида Макка мушриклари томонидан у зотга бир қанча зулм, душманчилик ва камситишлар бўлди. Шундай бўлса-да, ватанларини тарк қилиб бошқа жойга кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан кейин, Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар:(Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”  (Имом Термизий ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан узоқлашганлари сари унга бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишларини башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди:

 (Эй Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир...” (Қасос, 85).

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар. 

Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:

Биринчиси: Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари ҳаққига дуо қилганлар. Масалан, “Пайғамбарларнинг отаси” Иброҳим Халилуллоҳ ўз ватанлари бўлмиш Маккаи мукаррамa ҳақига Қуръони каримда дуо қилганлари баён қилинган: “Эсланг, Иброҳим: “Эй Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!” деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, деди” (Бақара, 126).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Мадинаи мунавварага борганларида унинг ҳақига қуйидагича дуо қилдилар: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки ундан-да зиёдароқ суюкли қилгин! Ва уни тошу тарозусига – соъу муддига барокат бергин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мана, пайғамбар алайҳиссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро, бу икки неъмат Ватан фаровонлиги омилларидандир! У иккиси ёки бири топилмаса, бахт-саодат йўқолади.

Иккинчиси: Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд, 61). 

Демак, инсон ер юзини, хусусан, яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривояти). 

Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда. 

Учинчиси: Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф, 56).

Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу Ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу Ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг устига, бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари Ватан тутишган.

Шундай экан, ҳар биримиз ўз Ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, уни ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган шахсларнинг ҳаққига дуолар қилишимиз мақсадга мувофиқдир. 

 

Анвархон АКРАМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакиллиги 

бўлим мудири