Маълумки ислом дини ҳар томонлама инсон манфаатларини ҳимоя қиладиган дин ҳисобланади. Уламоларимиз иттифоқ қилишларича ислом динида беш заруратга алоҳида эътибор қилинади. Аслида улар ҳар бир одил жамият сақлашга ва риоя қилишга интиладиган инсон учун энг зарурий манфаатлар ҳисобланади.
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Дин ва шариатнинг бандаларга нисбатан кўзлаган мақсади уларнинг динлари, жонлари, ақллари, насллари ва молларини муҳофаза қилишдир.”
Ушбу беш нарсани сақлашга қаратилган, унга зарар етказишдан қайтариладиган ҳаракатларнинг барчаси инсон манфаатларини таъминлаш учун эканлигини барчамиз тушунамиз. Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган “Инсон қадри учун” тамойили асосидаги ислоҳотлар туб моҳияти ҳам мазкур беш нарсани муҳофаза қилишга қаратилган десак хато қилмаган бўламиз.
Тафсир китобларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг васиятлари деб келтирилган ушбу оятларга эътибор беринг. “Кимни Муҳаммад алайҳиссаломнинг муҳрлари урилган васиятини кўриш хурсанд қилса “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай” оятидан “шоядки тақводор бўлсаларинг” гача ўқисин. (Имом Термизий ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан санадлари билан ривоят қилган).
“Айтинг: “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай:- У зотга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингини қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган (жон)ни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юргизишларингиз учун (Аллоҳ) ҳукм қилгани шулардир. То вояга етгунларича етимнинг молига яқинлашмангиз, магар чиройли йўл билан (бўлса, дуруст). Ўлчов ва тарозини адолат билан адо этингиз! Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқарисига таклиф (амр) қилмаймиз. Гапирганингизда (гувоҳ сифатида) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолатли бўлинг! Аллоҳнинг олган аҳдига эса вафо қилинг. Эслатма олишларингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукмлари мана шу(лар)дир”. (Анъом сураси 151- 152 оятлар).
Ояти каримадаги: “У зотга бирор нарсани шерик қилмангиз” дейилиши инсоннинг динини сақлашликка ишора бўлади. Дин инсон табий эҳтиёжи бўлгани учун барча инсонларда динга мойиллик сезилиб туради. Ушбу динни, диний таълимотни покиза сақлаш – инсоннинг барча заруратларини сақланишига сабаб бўлади. Бугунги кундаги турли экстремистик оқимлар томонидан динни бузиб талқин қилиниши сабаб араб мамлакатларига, жафокаш афғон халқига қанчалар фалокатлар келтириб чиқарганига барчамиз шоҳид бўлиб турибмиз. Нафақат биродаркушлик урушлари бўлаётган жойлар, балки бошқа давлатлардан бузуқ ғояга алданиб оиласига ва Ватанига хиёнат қилганларнинг келтирган засррарларчи?! Демак динни сақлаш деганда қанчалик инсон манфаати кўзлангани тушуниб етса бўлади.
“Фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз” дейиш билан зино қилмасликка буюрилиб наслни покиза сақлашга буюрилмоқда. Жинсий эркинликни тарғиб қилаётган мамлакатлардаги оила барбод бўлиб туғилиш камайиб, миллатлар таназзулга йўл тутаётгани ҳам сир эмас. Демак наслни сақлашнинг ҳам аҳамияти ҳам кам эмас экан.
“Аллоҳ тақиқлаган (жон)ни ноҳақ қатл қилмангиз!” дейилиши эса жонни сақлашга буюрилаётганидир. Албатта дунёга келган ҳар бир инсон яшаш ҳуқуқига эга. Унинг жонига яратган Аллоҳдан бошқа бирор кимса тажовуз қилишга ҳаққи йўқ. Ҳатто инсон ўз жонига қасд қилшга ҳам ҳаққи йўқ, зеро бошқа битр ояти каримада: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг!”- деб очиқ лафз билан буюриб ҳам қўйган.
“Вояга етгунларича етимнинг молига яқинлашмангиз, магар чиройли йўл билан (бўлса, дуруст). Ўлчов ва тарозини адолат билан адо этингиз!” дейиш билан етимнинг молини, ўзининг молини ва жамият молини асрашга буюрилмоқда. Молни асрамай бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, албатта инсон манфаатларига зид ҳисобланади.
“Аллоҳнинг олган аҳдига эса вафо қилинг. Эслатма олишларингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукмлари мана шу(лар)дир”. Аллоҳи таъолонинг ушбу сўзларидан, ояти кариманинг умумий сиёқидан ақлни сақлашга ишора қилинаётганини тушуниш мумкин.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кимни Муҳаммад алайҳиссаломнинг муҳрлари урилган васиятини кўриш хурсанд қилса “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай” оятидан “шоядки тақводор бўлсаларинг” гача ўқисин. (Имом Термизий ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан санадлари билан ривоят қилган).
Инсон ҳаётини бу беш нарсасиз тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Шу сабаб бу беш зарурат, инсоннинг энг зарурий манфаатлари десак хато бўлмайди. Ҳар биримиз аввало ўзимиз учун ушбу беш заруратни бекаму-кўст сақлашга, шунингдек бошқаларнинг ушбу заруратларига тажовуз қилмасликка ҳаракат қилсак, динимизга тўкис амал қилган бўламиз.
Адҳамжон Абдураҳманов,
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом-ноиби