Байрам ва марака маросимлари

ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК .

ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК .

Ислом дини азалдан инсониятга асл одамийликни, ҳатто ўзга дин вакилларига ҳам эҳтиром ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларни ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига, ҳатто ораларида яшайдиган бошқа миллат вакилларига, “аҳли зимма” (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларида шундай деб марҳамат қилганлар: “Ким аҳли зиммага бирон заҳмат етказса, Қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”. (Ахмад ибн Ханбал, “Муснад”).

“Диний бағрикенглик”  тушунчаси кенг маънода бўлиб, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир. Ана шунга биноан мусулмонлар бутун тарих давомида бошқа динлар ва уларнинг вакилларига бағрикенгликни буюк намуналарини кўрсатиб келишган. Чунки бу Аллоҳ Таъолонинг амри ва Унинг Расули томонидан умматга берган кўрсатмадир. Қуръон ва Суннат ҳукмига кўра, мўмин-мусулмонларнинг бирон қавмни ёмон кўришлари ёки ўша қавмларни мусулмонларга душманлик қилиши уларга нисбатан зулм қилишга ва ҳақларини поймол этилишига сабаб бўлмаслиги керак.

Аллоҳ Таъоло шундай марҳамат этади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун тўғриликда собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз. Бирон қавмни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин. Адолатли бўлингиз! Зеро, бу адолат тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албаттта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир ”. (“Моида” сураси, 8-оят) 

Тарихга назар солсак, бу бағрикенгликка сон-саноқсиз мисолларни кўрамиз. Бағдод халифалари саройидаги вазирлик, сарой табиби каби муҳим лавозимларда христиан, яҳудий дини вакиллари, Бобурийлар саройида эса ҳиндийлик дини вакиллари мусулмонлар билан ёнма-ён хизмат қилиб келганлар. Амир Темур хазратлари эса Испания, Франция каби насоро ўлкалари билан яхши муносабат ўрнатганликларига тарих гувоҳдир. 

Юртимизда азал-азалдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. Бир юз ўттиздан зиёд миллат фарзандларининг хур ва озод диёрда туғилиб, тинчлик, тотувлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизни бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро баҳамжиҳат, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларига хурмат ва эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.

Баҳодир Шарипов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме
масжиди имом-хатиби