Таълим тарбия

ИСЛОМ ВА СПОРТ

ИСЛОМ ВА СПОРТ

Соғлом турмуш тарзининг ажралмас томонларидан бири – бу жисмоний фаолликдир. Бошқача айтганда, танани чиниқтирадиган жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишдир. Ислом динида бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада умматларига таълим беришлари билан бирга, ўзлари уларга ўрнак бўлганлар.

Имом Муслим ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳим келтирган ривоятда саҳобалардан Салама ибн ал-Акваъ разияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз йўлда юриб борар эдик. Ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: “Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани ким мусобақа қила олади?” – деди. “Ҳурматли кишини ҳурмат, шарафлини шарафини риоя қилмайсанми?” – дедим. “Фақатгина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламни”, – деди. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ота-онам Сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай”, – дедим. “Хоҳишингиз бўлса, майли”, – дедилар У Зот. Мадинага ундан илгари бордим”.

Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобалари ичида доимий спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидаги ҳикоя келади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳода эдилар. У Зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язид қўй-эчкиларини ҳайдаб келади ва: “Эй, Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!” – деди. “Совринга нима қўясиз?” – дедилар. “Қўйларимдан бирини”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона: “Яна қайта тушасанми?” – деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у: “Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким елкамни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган Сиз эмассиз!”, – дедида, Исломга кирди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга қўйларини қайтиб бердилар”.

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: “Отинглар! Эй Бани Исмоил! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бани фулон биланман!” – дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?” – дедилар. Улар: “Сиз улар билан бўлсангиз, қандоқ қилиб ҳам отар эдик”, – дейишди. У Зот: “Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!” – дедилар.

Юқоридаги ҳадис шарифлардан хулоса қиладиган бўлсак, Расулуллоҳ алайҳиссалом нафақат ўзлари жисмоний тарбия билан шуғулланганлар, балки спортни ўз аҳли оилаларига олиб кирганлар. Саҳобалари ўртасида мусобақалар ўтказганлар. Ҳатто мусулмон киши билан мусулмон киши ўртасида мусобақа ўтказилганидек, мусулмон кишининг бошқа дин вакили билан ҳам спорт мусобақаси ўтказиши мумкин эканлигига ўзларининг шахсиятлари билан ишора қилганлар         

Баҳодир Шарипов,
 Чуст туман “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме 
масжиди имом хатиби