Жамият аъзоларига муносабат

ИСЛОМ ДИНИДА ОИЛАГА МУНОСАБАТ

ИСЛОМ ДИНИДА ОИЛАГА МУНОСАБАТ

Оила ва жамият тинч-тотув ва фаровон бўлиши учун муқаррар зарурий бир шарт-шароитлар лозим бўлади. Бундай шароит биринчи навбатда оиланинг салоҳияти ва барқарорлигини таъминлашдан бошланади. Шу сабабдан динимиз оилага, уни барпо этиш жиҳатларига катта эътибор қаратади. Оила биносини меҳр-муҳаббат асосида ҳақиқат ва адолат заминига қуриб, мустаҳкамлаб, бахт-саодатга эришишга чорлайди. 

Дунёдаги мавжуд барча жонзотлар жуфт-жуфт яратилган. Ақл-заковатли инсон ўз жуфтини қадрлаб, оиласининг барқарор бўлишини таъминлайди. 

Аллоҳ таоло эркак ва аёлни оила қуриб яшашда бир-бирига суянч, таянч қилиб яратганлигини марҳамат қилиб: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”(Рум, 21) дейди.

Оилавий муносабатларнинг асосий талабларидан бири оила қурган ҳар бир инсоннинг жуфти билан иноқлик ва меҳрибонликда умр кечиришидир.

Оила аъзолари саодати ҳашаматли бино ёки қимматбаҳо уй жиҳозларида эмас. Чин саодат уларнинг соф имони, эзгу ишлари, ўзаро меҳр-муҳаббати, тинчлик-хотиржамлиги сабаб келган баракотлар билан шаклланади. 

Зеро, Аллоҳ таоло саодатли оила кўринишини зийнатли деб баҳолаб: “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди...”, дейди (Оли Имрон, 14).

Пайғамбар алайҳиссалом  саодатни таърифлаб: “Тўрт нарса саодатдандир. Солиҳа аёл, кенг маскан, муносиб қўшни, қулай маркаб... Кимга шу неъматлар берилган бўлса, шукрини адо қилиши керак”, дедилар  (Имом Ибн Ҳиббон ривояти). 

Демак, уйдаги аёллар, фарзандлар, мол-мулклар, от-уловлар, чорва ҳамда экинлар саодатли оила соҳиби учун бахт келтирувчи воситалар экан. Бу билан шу жиҳатлари мукаммал бўлган барча оилалар ўзларини саодат узра эканларини эътироф этиб, уларни асраб-авайлашда бошқаларга ибратли, тартибли бўлиши лозимлиги таъкидланмоқда. Бу муқаддас қоида ва асосларга риоя этиб, эр-хотин ўз мавқе-манзилида умр кечириши лозим бўлади. Шу йўл билан ҳаёт неъматини татиб, умр мазмунини бойитиб, жамиятда кутилган саодатли, мустаҳкам оилани барпо этишга эришилади. 

Одамзотга  никоҳ ва имондан бошқа жаннатгача давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотиши мумкин, аммо никоҳ шартномаси умрбодлиги билан ажралиб туради. 

Бу шартномага урғу бериб, Аллоҳ таоло: “Сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга уйланаверинг” (Нисо, 3) деб буюради.

Киши нафсида зарурат бўлган вақтда уйланиш – оила қуриши керак. 

Бир неча ояти каримада жуфтликнинг неъмат эканлиги таъкидлаган. Чунки яратилишига кўра, инсон ёлғиз яшай олмайди. У доим бошқаларнинг ёрдамига, руҳий ва жисмоний қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади. Эркак ва аёл бу жуфтлиги оила деб номланган кичик бир жамиятни юзага келтиради. Оила жамиятнинг биринчи босқичдаги негизи ҳамда диний, ижтимоий, ахлоқий таълим-тарбиявий даргоҳи бўлганидан муқаддас деб эътироф этилади. 

Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қайндай ташкил этиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари, фарзандлар тарбияси, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалалари атрофлича ўрганиб чиқилган ва керакли кўрсатмалар берилган.

Қуръони каримда никоҳ ва оила ҳақида элликдан ортиқ оят бор. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари битилган китобларда никоҳ тўғрисидаги ҳадислар  алоҳида бўлимларни ташкил қилади. 

Минг афсуски, кейинги пайтларда оилани асраб-авайлаш ўрнига, дунёнинг арзимас сабаблари туфайли оилавий ажримлар кўпайиб бораётгани жамиятимиз учун ачинарли ҳол. Аллоҳ таоло берган кенг имкониятни тушунмаган ҳолда поймол қилиб, никоҳни узрсиз ажримга олиб келувчи эркак ёки аёл Аллоҳ таолонинг буйруғини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ижро қилмаган киши саналади.

Динимиз ва миллийлигимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Никоҳланиш нафақат ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экани, балки ўтган барча анбиёлар учун ҳам суннат бўлганини таъкидлаб Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз. Ҳеч бир пайғамбар учун Аллоҳнинг изнисиз бирор мўжиза келтириш мумкин эмас. Ҳар бир вақт учун (муносиб) битик (ҳукм) бордир”, (Раъд, 38) дейилган. Аёл ва фарзандларни Аллоҳ таоло ато этиши баён қилинган. Айни шу хабарни бериб Ҳазрат Расули Акрам соллалоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса мендан аввалги анбиёларнинг суннати. Улардан бири никоҳ ва оила”,  дедилар.

Шундай экан, оиланинг бардавомлиги биринчи навбатда эр-хотиннинг ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч-тотувликни барпо этишлари билан таъминланади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир". Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин" (Нисо, 19).

Бу ояти каримадан ҳосил бўлаётган маъно-мазмунга таяниб, айтиш мумкинки, ислом таълимоти оила аъзоларининг Аллоҳ таоло розилигини топишини, ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқлари билан  зийнатланишини ва инсоният наслини пок йўл билан давом эттиришини талаб этади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи, тинч ва обод  бўлиши, аввало, ушбу кичик жамият – оиланинг тинч-тотувлиги, аҳиллигига, покиза турмуш кечиришига боғлиқ. Оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиб бажариши билан оила тинчлик-хотиржамлиги ва бахт-саодати таъминланади, барқарор ва мустаҳкам бўлади. 

 

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” 

жоме масжиди имом-ниби