Ақидадан адашмайлик

ИҚРОР ВА ТАСДИҚ

ИҚРОР ВА ТАСДИҚ

Динимизнинг асоси ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтиришдир. Динимизнинг бешта асоси бўлиб, улардан биринчиси ва барча амалларимизнинг қабул бўлишига асос бўладигани – имондир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан ифодалаш “имон” дейилади. Бу ҳақда “Ақоидун Насафия” китобида шундай дейилган:  “Иймон, (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир”.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ иймонни таърифида “Иймон иқрор ва тасдиқдир” дейдилар. Яъни, имон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиб нутқ қилишдан иборат бўлади.

Бундан келиб чиқадики, киши дилида тасдиқлаган нарсани узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса, одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Демак, чин мўмин бўлиш учун киши дили билан тасдиқ қилган нарсани тили билан иқрор қилиши шарт қилинган.

Хаворижлар ўҳшаган адашган тоифалар амал қилиш имоннинг шарти деганлар ва амал қилмаган кишиларни кофирга чиқариб, уларга уруш эълон қилиб, қирғин-барот урушлар ва кўп мусулмонларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўлган. 

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашларига кўра, амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади: “Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…” (Бақара сураси, 277).

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам ушбу ҳолат баъзи тоифа тарафдорлари томонидан такрорланмоқда.

Ваҳоланки, бизнинг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, барча уламоларимиз бир овоздан гуноҳ иш қилган киши модомики уни ҳалол санамаса ва фарз амалларнинг фарзлигига ишониб туриб, дангасалик ва бепарволик билан уни адо қилмаса, уни кофирга чиқармайдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар: “Мусулмон кишини, гуноҳни ҳалол санамас экан, бирор гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, ҳаттоки катта гуноҳ қилган бўлса ҳам”.

Шунинг учун Мотуридий ва Ашъарий йўналишидаги уламоларимиз амал қилмаган мусулмон кишини кофирга чиқармаслик масаласида бир фикрдалар.

Манбалар асосида тайёрланди.

Шукруллоҳ Тухтабаев,
Янги Наманган тумани “Абдуллоҳ ибн Масъуд” жоме 
масжиди имом-хатиби