Ақидадан адашмайлик

ИМОМ МОТУРУДИЙ АДАШМАГАНЛАР

ИМОМ МОТУРУДИЙ АДАШМАГАНЛАР

Кейинги вақтларда “Мотуридийлар, Ашъарийлар адашган” қабилидаги ижтимоий тармоқларда турли хил маърузалар кўпайиб қолган. Салафий тоифадан бирининг  “Аллоҳ қаерда? Мотуридий ва Ашъарийлар” мвзусидаги суҳбатини тингладим.  Бу каби маърузаларни эшитган сари, айтаётган гаплари ҳеч бир илмий асосга эга эмаслигини тушуниб борарканман, кўплаб саволлар қийнай бошлайди. Нима учун етарлича диний илмга эга бўлмаган, саводсиз бир кимсалар мужтаҳид имомларнинг йўлларини хато деб айтмоқдалар? Уларнинг мақсадлари нима? Нима учун ўн асрдан зиёд вақтдан буён бир жамоа бўлиб, “Ҳидоят имоми” дея ўзлари ном берган имомга эргашиб келаётган мусулмонларни ва алломаларни энди улар адашган демоқда? Улар наҳотки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳ таоло умматимни ҳеч қачон залолат устида жамламайди” (Имом Ҳоким ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), деган ҳадисларидан кўр-кўрона кўз юмадилар? Ваҳоланки, бугунги кунда дунёдаги мусулмонларнинг 92,5 фоизи Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидадир. Яъни, Мотуридий, Ашъарий йўналишида амал қилиб келмоқда. Агар бу мазҳаб хато йўналишда бўлса эди, Аллоҳ таоло унинг умрини узоқ ва унга эргашувчилар сафини бунчалик кўп қилиб қўймаган бўлар эди-ку?

Шунингдек, бизнинг диёрларимизда сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш Мотуридийлик ақидавий йўналиши кенг ёйилган. Бу йўналиш асосчиси бизнинг юртдошимиз Фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик йўналиши асосчиси “Имом ал-ҳудо” (“Ҳидоят йўли имоми”), “Имом ал-мутакаллимин”, (“Мутакаллимлар имоми”) номлари билан улуғланган Абу Мансур Мотуридийдир.

Имом Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа ақидасини шарҳлаш ва ёритиб беришда муҳим рол ўйнаган атоқли исломий шахсиятлардан бири ҳисобланади.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ақида ва фиқҳ фанларига оид бир қанча китоблар ёзиб, улкан илмий мерос қолдирганлар. Масалан, Қуръони карим тафсирига доир “Таъвилоту аҳлис-сунна” китобини ёзганлар. Ҳижрий етти юз етмиш бешинчи йилда вафот этган имом Абдул Қодир Қураший бу китобга: “У тафсир бобида ҳеч қандай асар унга тенг келолмайдиган бир китобдир. Ҳатто бу фан соҳасида ундан олдингилар ёзиб кетган асарлар ҳам унга яқин келолмайди”, деб таъриф берган. 

 

Қодирхон Мамажажанов,
Янгиқўрғон тумани “Мамай” жоме 
масжиди имом хатиби