Жамият аъзоларига муносабат

ИЛМ НУРИНИ УЛАШУВЧИ ЗАҲМАТКАШЛАР

ИЛМ НУРИНИ УЛАШУВЧИ ЗАҲМАТКАШЛАР

Инсон ҳаётида шундай шарафли касб эгалари борки, уларнинг фидокорона меҳнатисиз келажакни, маънавиятни ва жамият тараққиётини тасаввур этиб бўлмайди. Булар — шарафли ва машаққатли касб эгалари бўлмиш устоз ва мураббийлардир.

Ҳар йили 1 октябрь мамлакатимизда Устоз ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Бу қутлуғ сана нафақат мактаб, лицей, коллеж ва олий таълим муассасаларида ёш авлодга сабоқ бераётган педагогларни, балки инсонларга тўғри йўл кўрсатиб, уларни эзгулик, маърифат ва маънавий камолот сари етаклаётган барча устоз ҳамда маърифатпарварларнинг шарафли байрамидир.

Ислом динида ҳам илм ўргатувчи, инсонларни эзгулик ва маърифатга чорловчи устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак баҳоланади. Зеро, илм инсонни жаҳолат зулматидан маърифат ва ҳидоят нури сари етаклайди. Муқаддас Қуръони Каримда илм аҳлининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилинади: «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”» (Зумар сураси, 9-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадиси шарифларида: «Албатта, мен муаллим қилиб юборилдим», дея устозлик нақадар шарафли ва айни пайтда ниҳоятда масъулиятли вазифа эканини таъкидлаганлар.

Дарҳақиқат, устоз — илм ва маърифат нурини улашувчи машъалдир. У ўзи ёниб, атрофидагиларга нур сочади. Устознинг бир оғиз насиҳати, биргина сабоғи ёки холис эзгу сўзи баъзан инсоннинг бутун ҳаётига йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади. У ўзининг сабри, меҳри, фидойилиги ва билими билан ёшлар қалбига эзгулик уруғларини қадайди, уларни Ватанга муҳаббат, халққа садоқат ва инсонларга яхшилик қилиш руҳида тарбиялайди.

Бизга илк бор ҳарф танитган, қўлимизга қалам тутқазган биринчи муаллимимиздан тортиб, ҳаёт йўлимизда тўғри йўл кўрсатган, билими ва ибрати билан қалбимизда ўчмас из қолдирган барча устозларимизнинг ҳаққини адо этиш, уларни ҳурмат-эҳтиром қилиш ва доимо дуода бўлиш ҳар бир шогирднинг муқаддас бурчидир.

Устоз меҳнатининг натижаси дарҳол кўзга ташланмаслиги мумкин. Аммо йиллар ўтиб, унинг шогирдлари эл-юрт корига ярайдиган, илмли, маърифатли ва комил инсонлар бўлиб етишганида, устознинг машаққатли меҳнати ўз мевасини беради. Шу маънода, устознинг энг катта мукофоти ва бахти — шогирдининг камоли, ютуғи ва элга наф келтиришидир.

Ушбу қутлуғ байрам — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан юртимизда сидқидилдан хизмат қилаётган барча устоз ва мураббийларни, фидойи педагоглар ва маърифат аҳлини самимий муборакбод этаман.

Аллоҳ таоло барча устоз ва мураббийларимизнинг шарафли меҳнатларини Ўз даргоҳида қабул айласин, уларга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, барака ва куч-қувват ато этсин. Меҳнатларининг муносиб самарасини кўришни, шогирдларининг ютуқларидан доимо фахрланиб юришни ва халқимиз ардоғида бўлишни насиб айласин!

Нурулло Маҳкамов,

Чуст тумани бош имом-хатиби