Таълим тарбия

ИЛМ ЭНГ БУЮК ШАРАФ

ИЛМ ЭНГ БУЮК ШАРАФ

Билим нурдир. Йўлимизни у билан ёритамиз. Билимсизлик эса барча ёмонликларнинг манбаидир. Билимсиз инсон ўзига энг катта ёмонликни қилган бўлади. Жоҳил кишининг тик тура олмайдиган қопдан фарқи йўқ. Саъдий билимсизликни уруш довулига ўхшатади. Овози баланд ичи эса бўш. Гўзал тушунчалар, билим жавҳарлари билан тўлдирилмаган зеҳн сандиқ фойдасиз ва зарарли нарсалар билан тўлади.

Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Илмли киши ҳодисаларга холис баҳо беради, талабчанлик ва уддабуронликни ўрганади.

Билмаслик айб эмас, ўрганишга интилмаслик айбдир. Ибн Масъуд инсон билмаганини билиши ҳам илмдир, дейди. Чунки инсон билмаганини билса, ўрганишга интилади

Ўқиш ва ўрганишдек шарафли ва лаззатли нарса йўқ. Илк «Ўқи» амри билан бошланган Қуръон, билгувчилар ва билмайдиганларни бир эмасликларини таъкидлаш билан бирга илм эгаларининг даражаларини юксалишининг хабарини беришади.

Инсон билими билан қадрланади. Ҳазрати Одам алайҳиссаломни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган сир илм эди. Қуръонда ўқиш ёзиш қуроли бўлган қалам улуғланади, айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Аллоҳнинг қалам билан қасам ичиши, қаламнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадри жуда кучли шаклда ифодалайди.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни ёнларидаги Ҳилол исмли кишидан: «Қаламинг борми?» — деб сўрадилар. Йўқ жавобини эшитгач: «Қаламсиз юрма, эй Ҳилол. Чунки, эзгулик ундадир. Қиёматгача унга содиқ бўлганлар чиқади. Инсонлар қалам ила юксаладилар. Олим қўлидаги қаламнинг сиёҳи шаҳиднинг қони билан тенгдир».

Яна Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ифодаларига кўра, илм эгалари ўликлар орасида юрган тириклар билан тенгдир. Зубайр Кудузалп: «Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади», дейди. Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасангиз илмнинг этагини маҳкам ушланг.

Ҳазрати Али илм хусусида: «Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен асрайсан. Илм эса сени асрайди», деганлар.

Бу буюк инсонни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам Илм эшиги, деб улуғлаганлар. Биз Аллоҳнинг тақсимотига розимиз. Бизга илмни, душманларимизга дунё молини берди. Чунки, мол-давлат йўқ булгувчидир. Илм эса абадийдир.

Фойдали илм ўрганган кишини ўлимидан кейин ҳам инсонлар ҳурмат билан эслашади. Илм абадий тирикликдир. Жоҳил киши тириклигидаёқ ўлик ҳисобланади. Билимли инсон Ҳаётдан кўз юмганидан кейин ҳам тирикдир

Олимхон Исаков,
Уйчи туман бош имом хатиби