Ер юзида инсониятнинг қуруқлик, денгиз ва ҳавода юриш имкониятининг мавжудлиги, ҳақиқатан ҳам улкан неъматдир.
БМТ 64-Бош Ассамблеясининг 2010 йил 2-мартда ўтказилган 64-сессияси резоляциясида 2011-2020 йилларни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича амалий чора-тадбирлар ўтказиш ўн йиллиги” деб эълон қилиниши ушбу мавзуга доир муаммоларнинг бутун дунё бўйлаб кенг қулоч очгани ва уларни ҳал қилишда кенг кўламда ишлар олиб бориш долзарблигидан дарак берарди.
Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда йўл харакати хусусида талайгина маълумотлар бор. Йўл харакати қоидаларига риоя қилмаган киши аввало ўзиниг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса ислом динида қатъий харомдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара,195). Шу билан бирга, йўл қоидаларини бузган киши бошқаларнинг ҳаётига мол дунёсига тажовуз қилишга қадам қўйган ҳисобланади. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш – миллатниг кўрки, жамият аъзоларининг дунё қараши ва маданиятининг кўзгусидир. Динимиз йўл ҳаракати одобларини биринчи бўлиб батафсил баён қилиб берганлигида шубҳа йўқ. Хусусан, “Ўнг қўл ҳаракати”, “Пиёдаларга йўл бериш”, “Масофа сақлаш” каби айрим йўл ҳаракати қоидалари айнан суннат амалларига тўла мос келишини мушоҳада қилиш мумкин.
Йўл омманинг мулки, яъни умумий мулк, бинобарин, йўлдан фойдаланишда бошқаларга зарар етказиш омманинг ҳақини поймол қилишдир. Фиқҳий қоидага кўра, бировларга зиён етказиш жоиз бўлмагани каби, зиёнга олиб борадиган ишларга қўл уриш ҳам мумкин эмас. Шу боис, бировларга зиёни тегадиган бўлса, йўл юриш ножоиздир. Йўл оммавий мулк бўлса-да, жиддий зарурат туғилганда, тартибга солувчи қоидалар орқали гоҳида маълум йўлларда ё вақтларда йўлда ҳаракатланишни ёки тўхташни таъқиқлаш мумкин. Шунингдек, кишиларнинг ҳаёти ёки молларини сақлаш ва бошқа шу каби заруратлар юзасидан йўлларда тезлик миқдорини белгилаш ҳам шаръан мумкин. Бу, албатта, умумий манфаатларга кўра бўлгани учун жоиз ҳисобланади. Зотан, фиқҳий қоидалардан бирида: “Оммадан зарарни бартараф этиш якка шахсга етадиган зарарни кетказишдан устун қўйилади”, дейилган.
Йўлдан фойдаланиш мумкин бўлиши учун киши унинг ҳақларига, жумладан, ҳаракат қоидаларига, шаръий кўрсатмаларга риоя қилиши шарт. Агар уларга тўла амал қилинса, у нафақат мумкин амал, балки улуғ савобларга сабаб бўладиган ибодат даражасига кўтарилади. Бордию, уларга риоя қилинмайдиган бўлса, бузилган меъёрнинг кўламига кўра, йўл юриш макруҳ ёки харом амаллардан бири ҳисобланади.
Ислом фиқҳида: “Зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади” ва “Жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устувор туради”. Исломда инсон зиммасида ҳар бир нарсанинг ҳаққи борлиги уқтирилади ва ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини бериш буюрилади. Мусулмон киши зиммасида йўлнинг ҳам ҳаққи борлиги ҳадисларда келган. Бу ҳақларни ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиси, у хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ йўловчи бўлсин, адо этиши лозим. Шунингдек, йўлда турган, ўтирган ва фойдаланувчилар ҳам ушбу ҳақларга риоя қилишлари шарт. Абдуллох ибн Амрдан ривоят қилинади: “Раусуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, дедилар”.
Имом Табароний Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонларга йўлларида озор берса унга уларнинг лаънати вожиб бўлур”, деганлар.
Бировга озор берадиган ишни қилиш ўзи ножоиз иш. Аммо кишиларга йўлларда озор етказиш янада оғир гуноҳдир, лаънатга лойиқ амалдир. Чунки, йўл барчага тегишлидир. Йўл омманинг мулки бўлганидан кейин, жамиятдаги ҳар бир инсон унга ўзини бевосита дахлдор деб билиши лозим. Ҳар бир шахс кўчанинг бир бўлагини ўз уйидеб қараб, унга ана шу асосида муносабатга бўлиши даркор.
Жамият ҳудди бир кемада кетаётган йўловчиларга ўхшайди. Таъқиқланган ишга қўл урган одам кемани тешишга журъат қилган шахсдир. Агар унинг қўлидан вақтида тутилмаса, бутун кемадагилар ҳалок бўлиши аниқ.
Абу Саийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят вилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бир таъқиқланган ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса, тили билан, агар қодир бўлмаса, қалби билан. Бу – иймоннинг энг заифидир. Ундан кейин ачитқининг уруғича ҳам иймон қолмайди”, дедилар”.
Демак, мусулмон киши жамиятда кечаётган ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги керак. Кимларнидир жамиятни чўктиришига томошабин бўлиб туришга ҳаққи йўқ. Агар бирор яхши ишга эътиборсизлик бўлаётганини билса, кишиларни унга чорлаши лозим. Агар бирор ёмонлик содир этилаётганини кўрса, қўлдан келганича уни тўхтатишга ҳаракат қилиши, иложи бўлса кучи билан, бўлмаса, сўзи билан уни бартараф этиш пайида бўлиши даркор. Ҳеч бўлмаса, қалбидан ўша ишга норози бўлиб туриши мўминлик бурчи ҳисобланади. Тўхтатишнниг имкони бўла туриб, “менга нима, гуноҳи ўзига-да”, деб бепарво кетиш ёки унга қалбдан рози бўлиб туриш иймоннинг зиддидаги сифатлардан саналишини унутмаслик керак.
Камолиддин Хамрақулов,
Норин туман бош имом хатиби