Жамият аъзоларига муносабат

ЙЎЛ ҲАРАКАТИГА ЭЪТИБОР – ҲАЁТГА ЭЪТИБОР

ЙЎЛ ҲАРАКАТИГА ЭЪТИБОР – ҲАЁТГА ЭЪТИБОР

Аллоҳ таоло инсонни ер юзида азиз ва мукаррам қилиб яратди.  Инсоннинг жони, моли ва шаънини асраш эса Ислом шариатининг энг буюк мақсадларидан бири ҳисобланади. Шу боис мусулмон киши фақат ибодатларда эмас, балки ҳаётининг ҳар бир жабҳасида, жумладан, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишда ҳам масъулиятли бўлиши лозим.

Бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисалари дунёда энг кўп инсон ҳаётига зомин бўлаётган омиллардан бирига айланган. Бунинг асосий сабаблари – тезликни ошириш, эҳтиётсизлик, қоидаларга амал қилмаслик, маст ҳолда транспорт бошқариш, телефонга чалғиш ва бошқа бепарволиклардир. Ислом дини эса инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳар қандай ишдан қайтаради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг . (Бақара сураси, 195-оят)

Яна бир оятда: “Бир жонни ноҳақ ўлдирган киши гўёки бутун инсониятни ўлдиргандек бўлади”. (Моида сураси, 32-оят)

Ушбу оятлардан маълум бўладики, инсон ҳаёти муқаддасдир. Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш натижасида инсоннинг ўзига ёки бошқаларга зарар етказиши ушбу муқаддас неъматга бепарво муносабат ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Зарар бериш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ”.

Бу ҳадис мусулмоннинг ҳар қандай зарар етказувчи ҳаракатдан узоқ бўлиши лозимлигини англатади. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳам айнан шу ҳадиснинг амалий кўринишларидан биридир.

Автомобилни бошқариш инсон зиммасига катта масъулият юклайди. Рулга ўтирган киши фақат ўзининг эмас, балки йўловчилар, пиёдалар ва бошқа ҳайдовчиларнинг ҳам ҳаёти учун жавобгар ҳисобланади.

Ҳайдовчи ҳам ўз транспорт воситаси ва унинг оқибатлари учун масъулдир. Шунинг учун транспорт воситасини техник жиҳатдан соз ҳолда сақлаш, белгиланган тезликка риоя қилиш, йўл белгилари ва светофор талабларига амал қилиш мусулмоннинг бурчидир.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш фақат маъмурий талаб эмас, балки диний ва инсоний бурч ҳамдир. Ҳаёт – Аллоҳнинг улуғ неъмати. Уни асраш эса ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.

Ҳар бир ҳайдовчи ва пиёда йўлда ўзини масъул деб билса, фарзандларимиз хавфсиз бўлади, оилалар мусибатдан асралади, жамиятимизда тинчлик ва хотиржамлик мустаҳкамланади.

Аллоҳ таоло барчамизни эҳтиёткор, масъулиятли, қонунга ҳурматли ва одобли бандаларидан қилсин. Йўлларимиз тинч, сафарларимиз хайрли, юртимиз осойишта бўлсин.

 

Нурулло Маҳкамов,

ЎМИ Чуст туман бош имом-хатиби