Байрам ва марака маросимлари

ИЙД ҚУРБОН МУБОРАК!

ИЙД ҚУРБОН МУБОРАК!

Бу кунда ҳамма, бой ҳам камбағал ҳам баробар хурсанд бўладиган кундир.  Бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити нишонланмоқда. Аллоҳ таоло бу кунда бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Бу ҳақда Қуръони каримда бир неча ояти карималар нозил бўлган: Қурбон қилинадиган  туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир”   (Ҳаж сураси, 36-оят).  Яна бир ояти каримада шундай баён қилинган: Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!”   (Кавсар сураси, 2-оят).  Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ байрам кунларида ўзаро меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни яна ҳам кучайтиришимиз айни муддаодир. Шунингдек, бу муборак кунларда ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб, ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш байрам кайфиятига янада қувонч бағишлайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:  “Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклироқдир”   (Имом Бухорий ривояти).  Шундай экан, айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. 

Қурбон ҳайити ана шундай нишонланадиган шодиёнадир, чинакам байрамдир. Бинобарин, бу байрамда Ислом уммати янада кўпроқ тоат-ибодатга, зикру тасбеҳ ва дуо-истиғфорларга машғул бўладилар. Зеро, мусулмон инсон учун Аллоҳ фарз қилган ибодатни хулуси ният билан, иймону ихлос билан адо этиш чинакам шод-хуррамлик, ҳақиқий қувончдир. 

Қурбон ҳайити куни мусулмонлар такбири ташриқлар айтиб, жомеъ масжидларга тўпланадилар, аввал бомдод намозини, сўнг ийд намозини жамоат билан ўқийдилар, хутбадан сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этадилар, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик тилаб, Аллоҳ таолога ёлворадилар. Аллоҳ таоло барчамизга бу байрамни ана шундай кўтаринки руҳда, шод-хуррамликда, эмин-эркин адо этишни насиб қилсин. Ийд намози ўқилгандан сўнг ота-оналарни, аҳли оилаларни, қариндош-уруғларни байрам билан табриклаш, беморларни, кўнгли яримларни зиёрат қилиш, совға-саломлар улашиш, қурбонлик гўштидан лаззатли таомлар тайёрлаб, байрамона зиёфатлар қилиш марғуб ва матлубдир. 

Бугунги кунда барча байрамларимизни худди шундай нишонлаш имкониятига эгамиз. Бу эса Роббимиз ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг чексиз марҳамати, халқимизга ато этган истиқлол ва тинчлик неъматининг шарофатидир. Ушбу неъматлар учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шукрона изҳор этиш билан бирга, истиқлолимизга раҳнамо бўлган, диний қадриятларимизни тиклаш ва ўзлигимизга қайтиш йўлида, Ватан озодлиги, юрт ободлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган Юртбошимизнинг ҳам ҳақларига Роббимизга дуо қилиб, соғлиқ-саломатлик сўраймиз. Аллоҳ таоло бутун дунё мусулмонларига Ийдул Қурбон байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни, ҳожиларимизнинг ҳажларини мақбул этсин, она Ватанимизни жаннатмакон қилсин, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин! 

Манбалар асосида тайёрланди.

Пахриддин Юсупов, 
Наманган туман бош имом хатиби