Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга қилган панду насиҳатларида бундай деган эканлар: “Эй Оиша, ўзинга юмшоқликни лозим тутгин, қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан, чунки юмшоқлик аралашган ҳар бир нарса ҳуснлик бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур”.
Дарҳақиқат, юмшоқ, ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан ўзини четга олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўркам хулқли бўлишга чорлаб, шундай деганлар: “Қиёмат кунида мўьмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқидир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз қилувчиларни ўзига дўст тутмас”.
Саҳоба Анас ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам инсонлар ичидаги энг ҳуш ҳулқли киши бўлган эканлар: “Пайғамбаримиз инсонларнинг энг хуш ҳулқлиларидан эдилар”. Шу сабабдан у зоти баракотни “Қалам” сурасининг 4-оятида қуйидагича мақтаган : “Албатта сиз буюк хулқ эгасидирсиз!”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шунадй дейилади: “Яхши хулқларни мукаммал қилиш учун халққа пайғамбар қилиб юборилдим”. Яхши хулқ инсонларга зийнат берадиган либос бўлса, ҳаё унинг безагидир. Имом Термизий саҳоба Абу Ҳурайрадан ривоят қилган бир ҳадисда шундай дейилади : “Ҳаё иймондир, иймон, яъни иймон аҳли жаннатдадур. Беҳаёлик жадандур, аҳдига вафо қилмайдиган аҳли жафо дўзаҳдандир”.
Ибн Масъуддан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай дейилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, инсонларнинг илгари ўтган пайғамбарлари “Уялмасанг, ҳоҳлаганингни қилавер, деганлар”. Бу ҳадисдан ҳаё ўтган замонларда ҳам яхши хулқлардан ҳисобланганганлиги маълум бўлади.
Халқимизнинг одоб-ахлоқи ислом динининг олийжаноб таълимотлари асосида шаклланган десак, муболаға бўлмайди. Фарзанднинг салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашидан тортиб, ота-онага қандай мурожаат қилиш борасидаги таълимлари тарбиянинг муҳим қирраларидандир. Фарзандларга чиройли одоб-ахлоқни ўргатиш нафл ибодатдан афзал ва савоблироқ дейилади.
Ёшларни тўғри тарбиялашда иймон-эътиқод ва она Ватанга садоқат масаласи муҳим ўринга эга. Шунинг учун тарбия бериш ўта нозик ҳисобланиб, у тўғри бўлса, фарзанд камол етиб, эл-юртга фойда келтиради. Гўзал одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан биридир. Қуръони каримда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган.
Фарзандлар миллий одобларимизга доир одатларини унутиши жуда аянчли ҳол. Ёшларимиз миллий ва диний урф-одатларимизга тўғри келмайдиган тақлидларни қабул қилмасликлари зарур.
Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Икки мусулмон киши учрашиб, қўл бериб кўришса ва Аллоҳга ҳамд, истиғфор айтишса, уларни Аллоҳ таоло мағфират қилади”.
Шу боис биз аждодларимиз қадриятларига таяниб, оила муқаддаслигини, бутунлигини сақлаш, фарзандларимизни юртпарвар ва элпарвар, юксак эътиқодли, одоб-ахлоқли ва баркамол этиб тарбиялашга интилишимиз зарур.
Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби