Жаҳолатга қарши маърифат

ГУНОҲИ КАБИРА ҚИЛГАН МУСУЛМОН КИШИ КОФИР БЎЛАДИМИ?

ГУНОҲИ КАБИРА ҚИЛГАН МУСУЛМОН КИШИ КОФИР БЎЛАДИМИ?

Уламолар гуноҳи кабира тушунчаси борасида бир неча фикрларни айтишган. Умумий маънода гуноҳи кабира деганда ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган гуноҳ ёки дўзахга киришга, лаънатга ва ғазабга сазовор қиладиган гуноҳлар тушунилади.

Гуноҳи сағира (кичик гуноҳ) эса: “Бу дунёда ҳаддга лойиқ эмас, у дунёда дўзах, лаънат ва ғазаб ила қўрқитилмаган гуноҳлардир”.  Ҳар қандай гуноҳ банданинг Роббисидан узоқлашишига сабаб бўлади. Аллоҳ таолонинг фазли кенг. Банданинг ширкдан бошқа гуноҳларини, хоҳласа, кечиради. 

Гуноҳи кабира қилган киши иймондан чиқиши ёки чиқмаслиги ва тавба қилмай вафот этса унинг охиратдаги ҳолати борасида жуда кўп қарашлар мавжуд. Биз ана шу қарашларнинг энг тўғриси бўлган Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мувофиқ келадиган маълумотларни айтиб ўтамиз. 

Аҳли сунна эътиқодига кўра мўмин киши ҳалол санамасдан ёки ундан қайтарган Зотга беписандлик қилмасдан бир гуноҳи кабирани қилса у иймондан чиқмайди. Тавба қилмай вафот этган осий банда Аллоҳ таолонинг хоҳишига кўра бўлиб, Аллоҳ таоло хоҳласа фазли ва карами ила у бандани кечиради ва Жаннатга киритади. Бундан ташқари ана шу банданинг иймони ва баъзи яхши амаллари баракаси туфайли ёки яхши зотларнинг шафоатлари сабаб ҳам Аллоҳ унинг гуноҳларини кечириб жаннатига киритиши мумкин. Хоҳласа, Аллоҳ таоло тавба қилмай вафот этган осий бандани гуноҳи катта ёки кичик бўлсин азоблайверади. Бундай банданинг оқибати гуноҳига яраша азобланиб жаннатга кириш бўлади. Дўзахда абадий қолмайди. 

Гуноҳи кабира қилган кишига лаънат айтилмайди. Гуноҳи кабирадан тавба қилган киши гуноҳи сағирага тавба қилишдан беҳожат бўлмайди. Яъни, гуноҳи кабирага тавба қилиб гуноҳи сағирага тавба қилмаган бўлса шу сағира учун ҳам азобланиши мумкин.

Юқоридаги эътиқодлар аҳли сунна вал жамоа эътиқоди саналади. 

Хаворижлар наздида сағира ёки кабира гуноҳ ила осий бўлган киши тавба қилмаса кофир бўлади ва дўзахда абадий қолади. Улар қуйидаги Нисо сураси 14-оятни далил қиладилар. У қуйидагича:

وَمَن یَعۡصِ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَیَتَعَدَّ حُدُودَهُۥ یُدۡخِلۡهُ نَارًا خَـٰلِدا فِیهَا

Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осийлик қилиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур”. 

Осийлик рўёбга чиқишида барча гуноҳ бир хиллигини айтишади. Яна қуйидаги Оли Имрон сураси 131-оятни ҳам далил қиладилар:

وَٱتَّقُوا۟ ٱلنَّارَ ٱلَّتِیۤ أُعِدَّتۡ لِلۡكَـٰفِرِینَ

“Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз!”. 

Хаворижлар: “Дўзах кофирлар учун тайёрлаб қўйилар экан, демак, дўзах билан ваъид қилинган кишилар кофир кишилардир. Юқоридаги икки оятдан осий киши кофир киши эканлиги собит бўлади. Бундай кишининг ҳукми дўзахда абадий қолишдир”, дейдилар.  

Мўътазилийлар эътиқодига кўра, маъсият гуноҳи кабира бўлса, уни қилган киши фосиқ дейилади. Фосиқ на кофир на мўмин бўлади. У иймондан чиқади, лекин куфрга кирмайди. Икки манзил орасидаги манзилда бўлади. 

Аҳли суннага кўра гуноҳ қилган мўмин киши шаҳодатни тасдиқлаши эътиборидан мўмин, қилган гуноҳи туфайли эса фосиқ дейилади. 

Аҳли сунна вал жамоа гуноҳи кабира қилган киши кофир ҳам, икки манзил орасидаги манзилда ҳам, мунофиқ ҳам бўлмаслигига бир неча далилларни келтирганлар.

  1. Ҳужурот сураси, 9-оят:

وَإِن طَاۤىِٕفَتَانِ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِینَ ٱقۡتَتَلُوا۟

(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар...”.

Бу оятда икки урушган тоифани ҳам Аллоҳ таоло мўмин демоқда. Аслида бири боғий бўлади. Боғий гуноҳи кабира қилувчидир. Шундай бўлсада боғийни ҳам Аллоҳ таоло мўмин демоқда. 

  1. Таҳрим сураси, 8-оят:

یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ تُوبُوۤا۟ إِلَى ٱللَّهِ تَوۡبَةࣰ نَّصُوحًا عَسَىٰ رَبُّكُمۡ أَن یُكَفِّرَ عَنكُمۡ سَیِّـَٔاتِكُمۡ

Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки, Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб...”.

Нур сураси, 31-оят: 

وَتُوبُوۤا۟ إِلَى ٱللَّهِ جَمِیعًا

Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар!”.

Гуноҳи бўлмаган кишини тавбага буюриш ақлга сиғмайдиган ишлардан. Аҳли сунна эътиқодига кўра гуноҳи кабиралардан тийилган кишининг сағира гуноҳилари кечирилиб юборилади. Демак, оятдаги тавба қилишга буюрилган кишилар гуноҳи кабира эгаларидир. Аллоҳ таоло уларни тавбага чорламоқда ва уларга мўминлар деб мурожаат қилмоқда. 

  1. Моида сураси, 106-оят:

یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ شَهَـٰدَةُ بَیۡنِكُمۡ إِذَا حَضَرَ أَحَدَكُمُ ٱلۡمَوۡتُ حِینَ ٱلۡوَصِیَّةِ ٱثۡنَانِ ذَوَا عَدۡلࣲ مِّنكُمۡ 

Эй мўминлар, бировингизга ўлим келганда — васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат эгаси...”.

Адолат қилмаслик гуноҳи кабиралардан. Лекин оятда авваламбор мўминлар дея нидо қилиниши, қолаверса, ўзингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат эгаси дейилиши адолатли кишини ҳам, адолатсиз кишини ҳам мусулмон дейилишига ишора борлигини кўрсатади.

Чунки иймон бу қалб билан тасдиқлаш, куфр эса ёлғонга чиқаришдир. Шундай экан ким бирор гуноҳ кабирани дангасалик ёки ҳамият ёки димоғдорлик ёки шаҳвати ғолиб бўлиши ёки авфини умид қилиб қилса унда тасдиқ туради. Тасдиқ мавжуд ўринда ёлғонга чиқариш асло бўлмайди. 

Мусулмон киши гуноҳи кабирадан сақланиши ва сақланиш йўлларини ҳам қидириши лозим. Бундан ташқари гуноҳи кабира қилган мўмин борасида аҳли сунна эътиқодида ҳам бўлиши даркор. Бўлмаса адашган тоифалар қаторига тушади. Аллоҳ бизларни ёмон амаллар ва ёмон эътиқодлардан сақласин, Омин!

 

Аъзамхон Саминов,
 “Ҳидоя” мадрасаси ўқитувчиси