Жаҳолатга қарши маърифат

ГИЁҲВАНДЛИК ВА ПСИХОТРОП МОДДАЛАРНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ

ГИЁҲВАНДЛИК ВА ПСИХОТРОП МОДДАЛАРНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ

Ҳозирги жадал суратдаги глобаллашув жараёнида инсон ва жамият ҳаёти учун фойдали нарсалар билан бир қаторда зарарли нарсалар ҳам одамлар орасида  кенг тарқамоқда. Баъзи инсонлар ўзларининг ҳаво-истакларига қарам бўлишмоқда. Кийиниш, ейиш, ичиш ҳамда турли хил турмуш тарзи фаолиятларида ташқи кўринишга катта эътибор қаратиш, моҳият ва воқеликдаги асл ҳақиқатга беписанд, беътибор бўлиш каби қабиҳ сифатларга эга чиқишмоқда. Юртимизнинг ўсиб келаётган, ақлли, зийрак, баркамол ёшлари учун ҳар соҳада жадал ривожланишлар кенг ривож топаётган бир вақтда неъматга ношукрлик, тўқликка-шўхлик қилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ўрнига енгил ҳаётни танлаётган “беўхшов ёшлар” кўпаймоқда. Ўлкамизнинг турли ҳудудида ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомаласи ҳамда истеъмоли кенгайиб бориши инсонни хавотирга солади. Ақлли инсон айни вақтда ёки кейинчалик ўзига, атрофидагиларига, у яшаб турган жамиятга моддий ва маънавий зарар бўладиган нарсалардан четланади. Шу жиҳатлардан ҳақиқий инсон бошқа онгсиз жонзотлардан ажраб туради. 

Ислом дини инсонга моддий ва маънавий зарарли нарсаларни ҳаром қилган ва улардан фойдаланишга рухсат бермаган. Шариатнинг асосий мақсади инсонларнинг бу дунёда ва охиратдаги саодатини таъминлаш ва машаққатларини енгиллатишдан иборатдир.  

Уламолар инсоннинг моддий ва маънавий борлиғини ташкил этувчи бешта зарурат: дин, ҳаёт, насл, ақл ва мол-мулкни муҳофаза қилиш  ислом шариатининг асосий бош мақсадлари эканлигини айтганлар.

Шариатнинг ушбу муҳофазасининг икки даражаси мавжуд: 1) ҳимоя даражаси; 2) риоя қилиш даражаси.

Ҳимоя даражаси, бу зарар ва азиятларни олдини олиш ва улардан сақланиш ҳамда бартараф этишни англатса, риоя қилиш даражаси эса кўзланган мақсад – Аллоҳ таолога ибодат қилишни рўёбга чиқаришни ифодалайди. Ана шу мақсадлар ичида энг муҳими, энг аҳамиятлиси бу ақлдир. Ақлсиз дин қуруқ рас-русум, бидъат ва хурофот, ақлсиз ҳаёт тартибсиз ҳаракат, ақлсиз зурриёт сарсон-саргардонлик, ақлсиз мол-мулк эса бузғунчилик ва ҳалокат бўлади.

Шунинг учун шариат ақлни зиммага тушадиган шаръий мажбуриятнинг асосий шартига айлантирди. Ким ақл неъматини йўқотса, ундан фарз ва мажбуриятлар соқит қилинади. Чунки у бу мажбуриятга муносиб эмас ва уни бажаришга қодир эмас.

Гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг барча турларининг зарарли таъсири ва бошқа оқибатларига эътибор қилган ҳар бир киши юқорида зикр қилинган бешта асосий мақсад учун аниқ хавф, очиқ ҳужум ва қатъий таҳдид эканлигини кўради. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган киши ўз динидаги шарт-шароитларга эътибор бермаслиги, Яратган олдидаги бурчига беэътибор бўлиши, Унга итоат қилишга иштиёқ ўлиши, Унга итоатсизлик қилишдан қўрқмаслигига сабаб бўлади. Бу эса унинг динининг бузилишига, натижада, дунё ва охират ҳаёти фасод бўлишига олиб боради.

Шифокор ва мутахассислар гиёҳвандлик моддалари инсон онгига ва унинг физиологик тузилишига олиб келиши мумкин бўлган энг катта хавф-хатарлардан бири эканлигини таъкидлаб ўтишган. 

Гиёҳванд ва психотроп моддаларга “ўтириб” қолган одам ўзининг инсонийлигини ва инсоний қадр-қимматини йўқотиб, ўлим ва заҳар савдогарлари қўлида ўйинчоқ бўлади. У ўзини сотади ва энг даҳшатлиси ўлимини кутиб олиш учун ўз пулини сарфлайди. 

Шариатда ҳаром нарсаларга олиб борувчи воситалар ҳам ҳаром қилинган. Гиёҳванд, наркотик ҳамда психотроп моддалар билан савдо-сотиқ қилиш, етказиб бериш, истеъмол қилиш ҳам шулар жумласидандир.

Олимлар гиёҳванд ва наркотик моддаларни таъқиқлашда таянган далилларга келсак, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Моида сураси, 90-оятда Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!”, деган.

  2. Аъроф сураси 157-оят. “У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди”.

  3. Бақара сураси, 195-оят. “Ўзингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокатга ташламанг!”.

  4. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

  5. Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қиладиган ва бўшаштирадиган нарсадан қайтардилар(Абу Довуд ривояти). Гиёҳванд, наркотик ва психотроп моддалар инсонни бўшаштириришидан ташқари ақл ва танани ҳалок қилади.

  6. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Аллоҳ таоло хамр (маст қилувчи)ни номи учун ҳаром қилмаган, балки оқибати эътиборидан ҳаром қилган. Оқибати хамрнинг оқибати каби бўлган ҳар қандай ичимлик худди хамр сингари ҳаромдир(Дороқутний ривояти).

Юқоридаги моддалар ҳаром эканлиги борасида уламолардан баъзи ривоятлар келтириб ўтайлик:

  1. Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳанафий ва Шофеий мазҳаби машойихлари наша ичиб ақлини йўқотган кишининг хотинига берган талоғи тушишлиги борасида иттифоқ қилишган. Чунки улар бу маҳсулотнинг ҳаромлигига фатво берганлар” (Ҳошия ибн Обидийн 3/239).

  2. Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ ўзларининг ҳошияларида: “Кўкнори, наша ва афюн ҳаром қилинган. Чунки улар ақлни кеткизади, зикр ва намоздан тўсади”, деганлар.

  3. Имом Санъоний айтадилар: “Ичимлик бўлмасада ҳар қандай маст қилувчи нарса наша сингари ҳаромдир”, деганлар (Субулус салаам 4/53). Бундан ҳар хил ақлни кетказувчи, маст қилувчи уколлар ҳам шулар жумласига киришини тушуниш қийин эмас.

  4.   1974 йил Риёзда ўтган минтақавий уламолар кенгашида: “Мазҳаб фуқаҳолари табиий шаклда ёки сунъий шаклда наркотик моддалар етиштириш, уни экиш, у билан олди-берди қилиш ҳаром эканлигига ҳамда шундай моддалар балан ҳаракатланувчи киши жиноятчи эканлигига иттифоқ қилганлар”.

Юқоридаги наркотик моддалар билан фаолият юритиш инсоннинг ўзига, оиласига ва жамиятига жиддий хавф туғдириб фасод қилади. Шариат ҳукмлари ва мақсадларини поймол этади. Шунинг учун бундай модда ва маҳсулотларни контрабанда йўли орқали ёки бозорга кириш орқали савдо-содиқ қилиб улардан фойда кўриш худди шу маҳсулотларни истеъмол қилиш каби ҳаром бўлади. 

Аллоҳ таоло бундай зарарли маҳсулотлардан ёшларимизни, барча юртдошларимизни Ўз паноҳида сақласин. Бундай иллатлардан юз ўгириб Юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида камарбаста бўлиб хизмат қилишни насиб қилсин.

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 

ўқитувчиси А. Саминов