Жаҳолатга қарши маърифат

ГИЁҲВАНДЛИК

ГИЁҲВАНДЛИК

Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, тана ва ақл неъматларининг заволи бўлиб, Ҳақ таолонинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид ҳатти-ҳаракатдир. Гиёҳвандлик - бангилик ва оғир ҳасталикдир. Бу иллатга ружу қўйган одам ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади ва олийжаноблик, инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келиб қолади, атрофида бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган бемор нафакат уз яқинлари, балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзи гиёҳвандлик нақадар жирканч иллат эканига кифоядир. Мазкур иллатга ўрганган инсон алалоқибат ўнлаб тузалмас касалликларга йулиқиши, хотираси сусайиши ва энг ёмони бутунлай мажруҳ бўлиб қолиши эҳтимоли ўта юқори эканини бугунги фан исботлаб келмоқда. Бундан ташкари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди. Асосийси эса, гиёҳванд аввало Парвардигорига осий булиб, Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам ҳидоятларидан маҳрум булади, Аллоҳ асрасин. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун, кайфини синаб кўриш мақсадида бир-икки бор истеъмол қилса ҳеч нарса булмайди деган мазмунда татиб кўришнинг ўзи ўта хавфли ва ўта ақлсизликдир. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида барчамизни огоҳлантириб айтади: ”Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!" (Моида, 88). ”Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз" (Бакара, 195). ”Ўзларингизни (бир-бирингизни нохақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир” (Нисо, 29). Айнан шу маъноларга мувофиқ Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай муборак сўзлари бор: ”Ҳар-бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар-бир хамр эса ҳаромдир”. Яна бир ҳадисда эса Пайғамбар алайҳиссалом ҳар-қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтарганлар. 

Фатволарда келишича, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда хам ҳаром саналади. Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам, динимизнинг ҳам душманлири бўлиб, охиратларини барбод қилаётган кимсалардир. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча турдаги гиёҳванд моддаларга қарши кураш изчиллик билан олиб борилмоқда. Оммавий ахборот воситалари оркали дунёда ”аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлигига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳакида баралла айтилмокда ва кенг тушунтирилмокда. Айниқса, бугунги кунда дори кўринишидаги лирика, трамадол ва шу каби инсоннинг онгига таъсир қилувчи психотроп моддалар ўқувчилар орасида кенг тарқалаётгани юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Шунинг учун ҳар-биримиз келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво булмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, қаерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганидан бохабар бўлишимиз лозим ва лобуддир. Халқимизда бир болага етти маҳалла ота-она деган гап бор. Шундай экан, фарзандларимизга эътиборли бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга, уларнинг тарбияларига, илм олишларига эҳтимом қилиб, келажакда уларни халқ, миллат, Ватан ва муқаддас динимиз учун хизмат қиладиган бўлишларига ҳаракат қилишимиз айни муддаодир.

Қодиржон Умурзақов,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме 
масжиди имом-хатиби