Жамият аъзоларига муносабат

ҒАЗАБ ВА САБР

ҒАЗАБ ВА САБР

​Инсон табиатининг энг мураккаб ва бошқарилиши қийин бўлган жиҳатларидан бири — бу ғазабдир. Муқаддас ислом таълимоти манбаъларида ва мутафаккир олимларимиз асарларида инсоннинг жаҳл устидаги ҳолати ва унинг оқибатлари теран таҳлил қилинган.

​Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

​«Огоҳ бўлинглар! Одам болалари турли табақаларда яратилганлар:

​Биринчи тоифа: Жаҳли секин чиқади ва тез тушади.

​Иккинчи тоифа: Жаҳли тез чиқади ва тез тушади.

​Учинчи тоифа: Жаҳли секин чиқади ва секин тушади .

​Тўртинчи тоифа: Жаҳли тез чиқади ва секин тушади.

​Огоҳ бўлинглар! Уларнинг энг яхшиси — жаҳли секин чиқиб, тез тушадиганидир. Энг ёмони эса — жаҳли тез чиқиб, секин тушадиганидир».

Имом Термизий ривоят қилган. 

​Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни жаҳл келиши ва қайтишига кўра тўрт гуруҳга бўладилар:

​Энг яхшилар: Жаҳли секин чиқиб, жаҳлдан тез тушадиганлар.

​Мўътадиллар: Жаҳли тез чиқиб, тез тушадиган ёки жаҳли кеч чиқиб, жаҳлдан секин тушадиганлар.

​Энг ёмонлар эса: Жаҳли тез чиқиб, секин тушадиганлар.

​Бу тасниф инсоннинг руҳий мувозанатини ўлчайдиган маънавий мезондир.

​Буюк адиб мутафаккир  олим

​Саъдий Шерозий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Гулистон» асарларида бир неча ўринларида ғазабни жиловлаш ҳақида сўз юритади ва жаҳл устида қилинган ишлар ақлсизликнинг белгиси эканлигини айтиб ўтади.

​Шайх Саъдий айтади:

​«Ҳаддан ташқари қаттиққўллик нафратни уйғотади, ноўрин мулойимлик эса ҳайбат (обрў)ни кетказади».

​Буни юқоридаги ҳадисдаги мўътадилликка ишора десак ҳам бўлади. Халқимиз ҳикматларида айтилганидек жаҳл чиққанда ақл қочади: ғазаб — ақлнинг душмани. Агар инсон жаҳли тез чиқиб, жаҳлдан кечроқ тушадиган бўлса, у ўз ақлининг жиловини йўқотади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ​Ҳадиси шарифларида мақтаган «жаҳли тез тушадиган» инсон сиймосини Шайх Саъдий қуйидагича таърифлайди:

​«Агар душманинг сени хафа қилса, унга ғазаб қилма, чунки ўч олишдан кўра кечириш афзалроқдир».

​ Дарҳақиқат, ақлли инсон жаҳли чиққанда ҳам тилини ва қўлини тия оладиган кишидир.

​Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  у зотнинг саҳобалари, тобеъинлар улардан кейинги руҳий тарбия дарғалари — тасаввуф намояндалари мазкур ҳадис мантиқидан келиб чиқиб нафс тарбияси борасида улуғ мартабаларга эришганлар. 

Ҳа, ​инсон ўз табиатини ўзгартира олади. Агар сиз жаҳли тез чиқадиган тоифадан бўлсангиз, ҳеч бўлмаганда «тез тушадиган» (тез кечирадиган) бўлишга интилишингиз керак. Чунки:

​«Мулойимлик билан филни ҳам ипда етаклаб кетиш мумкин, лекин қаттиққўллик билан ҳатто кичик бир чумчуқни ҳам ушлаб бўлмайди».

 

​Бугунги ахборот хуружи авжига чиққан замонда бизнинг вазифамиз — жаҳлимиз чиққанида ақлимизни йўқотмаслик ва ҳадисда айтилган «энг яхшилар» сафидан жой олишга ҳаракат қилишдир.

Манбалар асосида тайёрланди

Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме 
масжиди имом-ноиби