Жамият аъзоларига муносабат

ФОЛБИНЛАРНИНГ ФИРИБГАРЛИКЛАРИ ЁХУД ОҚ ТОВУҚ-ҚОРА ТОВУҚ СИРИ

ФОЛБИНЛАРНИНГ ФИРИБГАРЛИКЛАРИ ЁХУД ОҚ ТОВУҚ-ҚОРА ТОВУҚ СИРИ

Мақола бошида мана бу оятга эътибор қаратамиз, Аллоҳ таоло: «Айтинг: «Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас», деб марҳамат қилган [Намл сураси, 65-оят]. 

Машҳур фолбинлардан бири олдига товуқ ёки қўй олиб келганларни тўғри топиб айтар, келганларни  ҳайронлар қолдирар экан.

Қандай қилиб дейсизми? 

Масалан, қонлаш (ҳаром амал) учун фолбинга битта қўй ёки товуқ олиб бориб, уни шотир (хизматкор)ларига топширсангиз, олдига кирганинингизда "сиз оқ қўй, қора қўй, оқ товуқ, қора товуқ олиб келибсиз-а?" деб тўғри айтар экан. Кўрмасдан туриб рангигача айтиб берадиган фолбинга бу камида эллик очко дегани-да.

Камина шунинг тагига етган.

У фирибгар иймонсизнинг хизматкорлари кўп бўлиб, ҳар бирини ўз вазифаси бор.

Масалан, оқ қўй олиб келган кимсани фақат Салим, қора қўй олиб келган кимсани эса фақат Ҳошим, оқ товуқ келтирганни Ботир, қора товуқ олиб келганни Тоир фолбин олдига олиб кирар, у фирибгар эса одамига қараб олиб келган жонлиғини айтверар экан. Салим кирса, оқ қўй келтирилган, Ҳошим кирса, қора қўй...

Энди билиб олдикми буларнинг фирибгарлигини? Сиз эса ҳайрон бўлиб юрибсиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, – дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).

Фолбинлик мутлақ ҳаром ва унга ишонганлар диндан чиқиб қолишади. 

Яна бу фирибгар каззобларнинг ўзлари чиқарган "Фолбинга борма, фолсиз ҳам юрма" каби ёлғон-яшиқ сўзлари ҳам одамлар орасига ёйилгани ачинарли.

Азизлар,  фирибгар фолбинларга алданиб, охиратимизни бой бермайлик.

Уламолардан Имом Бағавий: “Фолбин – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлагани каби нарсаларни билишини даъво қилувчи шахсдир”, – дейдилар. Ваҳоланки, тақдирни билиш ва келажакда бўладиган ишларни ёки уларни ўзгартириш фақатгина Аллоҳнинг қўлида бўлиб, ҳеч бир зот Аллоҳнинг ёзган тақдирини ўзгартиришга қодир эмас. Келажакни ҳам, инсонлар тақдирини ҳам фақат Аллоҳ таоло билиши, ғайб сирларидан ҳеч ким, фаришталар, жинлар, ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмагани ҳақида Қуръони каримда кўп бора такрорланган: Аллоҳ таоло: «Айтинг: «Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас», деб марҳамат қилган [Намл сураси, 65 -оят]. 

Хулоса қилиб айтганда, фолбин – турли воситалар билан ғайбни билишини даъво қиладиган шахсдир. Воситаларнинг турларига қараб, улар ҳам ҳар хил бўлади... Шариатда уларнинг барчаси қораланган. Фолбинлар ва уларни тасдиқлаганларга “кофир” дея ҳукм қилингандир. “Баззозийя”да: “Киши – ғайб илмини даъво қилиши билан ва фолбиннинг олдига бориб, сўзини тасдиқлаши билан кофир бўлади”, – дейилган. “Татархонийя”да: “Фолбин “Ўғирланган нарсаларни биламан” дейиши, “Жинларнинг менга айтган хабарларини сизларга етказаман” дейиши билан кофир бўлади”, – дейилган” (“Раддул-муҳтор”, 16-жуз, 310-бет).

Тожиддин Хўжаханов,

Янгиқўрғон тумани “Ёрилган” жоме
 масжиди имом-хатиби