Жаҳолатга қарши маърифат

ФИТНА ҚОТИЛЛИКДАН ЁМОН

ФИТНА ҚОТИЛЛИКДАН ЁМОН

Бугунги кунда худога минг-минг шукроналар қилишимиз лозимки, ҳар биримиз ўз уйимизда тинч омон ҳаётгузаронлик қилмоқдамиз. Баъзиларимиз уй қуриш ташвишида, баъзиларимиз ўғил ёки қиз тўйи ташвишида, бошқаларимиз фарзандимизнинг ўқиши ташвишида, яъни ширин ҳаёт ташвишида юрибмиз. Лекин дунёнинг баъзи жойларда уруш, биродаркушлик, нотинчлик давр сурмоқда. Ўз қабиҳ мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайдиган гуруҳлар кучлар ва бу қора кучларга хизмат қиладиганлар ҳам топилиб турар экан. Улар ўзи тушуниб, тушунмаган ҳолда фитна-нотинчликларга келтириб чиқармоқдалар. Муқаддас Қуръони каримда “Фитна қотилликдан ҳам ёмон”, деб фитна қўзғаш фитнага сабаб бўлишдан қайтарилган. Ҳозирги кунда араб мамлакатларида бўлган воқеалар худди шундай фитначилар ҳаракати оқибати эканлиги барчага равшан бўлиб бўлди. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда: ”Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқиб, яхшисини ҳам гуноҳкорини ҳам ажратмасдан ўлдираверса, мўъминини ажратмаса, аҳдлашган (ғайридин) нинг аҳдига вафо қилмаса, мендан эмасдир”, деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шарифда мусулмонни гуноҳкорига ҳам, ҳатто мусулмонлар билан бирга шартнома асосида яшаётган бошқа диндаги зиммийга ҳам қўл кўтармасликка буюрилмоқда. Бундай машъум ишларни қилувчи мусулмонни менинг умматимдан эмас, деб ислом, мусулмонлик доирасидан чиқиб кетишини кўрсатиб ўтилмоқда. 

 Ўзларини “Ироқ Шом ислом давлати” деб номлаган террористик гуруҳ Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудида Исломни ниқоб қилиб ўз диндошларини қонини тўкилишига, мамлакат вайрон бўлишига сабаб бўлдилар. Уларнинг Қуръон карим оятларига, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига амал қилмаганлари бу кимсаларнинг ҳақиқий қиёфаси қандай эканини кўрсатиб турибди. Ўз оти билан тинчлик дини деб аталувчи Ислом динида ноҳақ қон тўкиш ўта улкан гуноҳлардан ҳисобланади.  Бундай тоифалар фитналари оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар – болалар, аёллар, уламолар ҳалок бўлди. Мактаблар, масжидлар, ишхоналар вайрон бўлди. Ислом қулчиликка қарши кураш биринчи бошлаган бўлса-да, улар қўлларига тушган эркакларни қул, аёлларни чўри деб ҳукм қилишди. 

Кечаси-кундузи интернет тармоқлари ва бошқа воситалар орқали, ёшларни, айниқса ўзга юртларга ишлагани борган ёшларни ўз сафларига чорладилар. Афсусланарси шуки, бунда сохта даъватчиларнинг асоссиз ёлғонларига алданган ва гўёки “ҳижрат” қилган бўлиб умрини бевақт хазон қилаётганлар сафида бизнинг Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари ҳам бор эди. Ваҳолонки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ қилингандан кейин яъни Макка аҳли ҳам  Исломни қабул қилганидан кейин, ўзга юртларга “ҳижрат”, кўчиб бориш йўқлигини эълон қилганлар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейинчалик мана шундай фитналар пайдо бўлишини аввалдан билганларидан биз умматларга: “Фитна пайтида ибодатда бардавом бўлиб турмоқ, менга қилинган ҳижрат кабидир”-деб марҳамат қилганлар. Мусулмонлар бир-бири билан урушиб ётган, фитналар пайдо бўлган замонда фитнадан ўзини эҳтиёт қилиб, Аллоҳи таъоло берган неъматларга шукрона сифатида ибодатда бардавом бўлган, Аллоҳи таъоло ҳаром қилган нарсалардан, айниқса ноҳақ қон тўкишдан ўзини сақлаган мусулмон, Аллоҳ таъоло ва Расули йўлида ҳижрат қилганнинг савобига эришар экан. Хузайфа Ибн Ямон (розияллоҳу анҳу) Муҳаммад ибн Маслама (розияллоҳу анҳу) ҳақида “Мен бир кишини биламан. Унга фитна зарар бера олмайди, деб айтган эканлар. Муҳаммад ибн Маслама (розияллоҳу анҳу) Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг вафотидан кейин содир бўлган фитналарда ўзига кичик бир уй қуриб олиб ундан чиқмай ўтирди. Дўстлари: “Нега бундай қиляпсан? - деб сўрашганида: Менга Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қилич бериб: “Эй Муҳаммад ибн Маслама бу қилич билан Аллоҳ йўлида кураш. Агар умматимнинг бир-бирини ўлдираётганини кўрсанг, қилични Уҳуд тоғига олиб келгинда, уриб синдир. Сўнг токи хатокор қўл (сени ўлдирадиган киши) ёки ўлиминг келгунча уйингда ўтиргин”, дедилар. Мен Пайғамбар (алайҳиссалом) буюрган ишни қиляпман”, деб жавоб берган экан. 

Юқоридаги оят ва ҳадислардан шуни англашиладики, ўзларини мусулмон атаб, Исломни ниқоб қилиб, манфур фитна – биродаркушлик урушларини олиб бораётганлар таъсирига тушиб “ҳижрат”га чиқмоқ ҳеч қандай савоб иш эмас, балки мусулмонни мусулмончилик доирасидан чиқариб ашаддий ёмон гуноҳларга ботириб юборадиган фитна экан. Бундай фитналарда узоқ бўлиб, тинчлик хотиржамликнинг қадрига етиб шукрини қилиб, ибодатини ихлос билан бажараётган одам асл ҳақиқий ҳижрат савобини топиши мумкин экан. 

Азизлар! Бизнинг юртимиз тинч-осойишта, Араб мамлакатлари қаерда ётибди-ю, биз қаерда деб бепарво бўлмайлик. Фарзандимиз, қариндошимиз, қўшинимизнинг боласи кеча-кундуз демай интернетда бўлар-бўлмас сайтларда бебаҳо умрини кетказаётгандир ёки ишлаб келиш учун ўзга юртларда сафарда юргандир. Келинг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:”Ҳар бирларингиз раҳбарсизлар ва ҳар бирларингиз ўз қўл остидагилардан сўраласизлар”- деган ҳадиси шарифларига биноан ёшларимизни тергаб турайлик, эҳтиётини қилайлик, токи Ватан келажаги бўлган ёшларимизнинг онги заҳарланмасин, номлари қанчалик чиройли, исломий бўлмасин асл мақсадлари фитна бўлган тоифаларнинг тузоғига илиниб қолишмасин.

Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме 
масжиди имом ноиби