Фитна шундай бир иллатки, у урчиган вақт ақллар шошиб, ҳайратда қолади, қалблар эса ўлади. Барча ишлар боши берк кўчага кириб қолади. Ҳаётдан хотиржамлик, ибодатлардан ҳаловат кетиб, унинг ўрнини безовталик, нотинчлик, ваҳима, изтироб ва қўрқинч эгаллайди. Фитна бир шамолки, кичик учқунни ҳам катта алангага айлантиради. Қаршисида учраган ҳамма нарсани куйдириб, кул қилади. Фитна кўз илғамас хатарки, табассумни ғазабга, шодликни қайғуга, адолатни қабоҳатга, вафони хиёнатга айлантирадиган, қўйингки барча разолатларни қаноти остига олган иллатдир.
Фитна инсоннинг энг нозик ва самимий туйғулари билан ўйнашадиган шайтоний бир ишдирки, унга йўлиққан кишини ўз домига тортиб, ижобат қиганларни эса ҳайвондан ҳам паст даражага тушириб юборади.
Фитналар шундай ҳодисаки, у пайдо бўлганда ҳар тарафдан қора булутлар ёпирилиб келади. Ҳамма йўқни эгаллаб олган зулмат ҳақиқат устига парда тортади. Инсонлар шубҳа ичида қолади. Натижада шахс ва жамият қаршисида жуда катта муаммо пайдо бўлади.
Фитна бир жумбоқки, инсон уни ечиш учун жавоб излайди. Бу қандай содир бўлди, нима қилмоқ керак, ечим нимада, тўғри йўл қайси томонда, кимдан маслаҳат сўраш керак деган саволларга жавоб аҳтаради. Жавоб топилса - топилди, бўлмаса, фитна гирдобида қолиб, унинг қурбонига айланади. Ушбу мақола ана ўша жумбоқли саволларга жавоб бўлса ажаб эмас.
Маълумки, фитна бир замон ёки бир маконга хос эмас. У турли кўринишларда то даври қиёматгача давом этади. Фитналар урчиган, фасод ишлар томир отган даврда яшаяпмиз десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бу каби ҳолатларда ҳар бир инсон сергак ва огоҳ бўлиши лозим. Балолар келмасидан олдин тайёргарлик кўринг дейилганидек, ҳушёрликни бир зум қўлдан чиқармаслик керак.
Фитна ҳадисларда келганидек, содир бўлиши аниқ нарсадир. Шунингдек, муқаддас динимизда унинг ечими нимада экани ҳам айтиб қўйилган. Оқил киши бошига мусибат тушса, уни бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аҳмоқ одам эса битта мусибатни иккита қилиб олади. "Фитна" сўзи яна бирор нарсадан ҳайратланиб, ажабланишга нисбатан ҳам қўлланилади.
Демак, фитна имтиҳон маъносида келса - ижобий, фасодга олиб борувчи, ажабланиш маъносида келса -салбий маънога далолат қилади. Луғатшунос олимлар фитнанинг бир қанча маъноси борлигини айтганлар. Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Фитна инсонни яҳши ва ёмон ҳолатини баён қиладиган нарсадир. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади; "Фитна ҳақ ва ботил билинмайдиган даражада мулк талабида ихтилоф қилишдан пайдо бўладиган нарсадир". Азҳарий раҳматуллоҳи алайҳ:" Фитна синаш, имтиҳон қилиш маъноларини беради".
Муновий раҳматуллоҳи алайҳ: "Фитна бир офат бўлиб, ботиний ишларни юзага чиқарадиган муомаладир". "Фитна" сўзининг изтилоҳдаги таърифи эса луғотдаги каби кўп маъноларни билдиради. Олимлар томонидан айтилган истилоҳларни бир жойга жамлайдиган бўлсак, қуйидаги таъриф келиб чиқади; "Фитна салбий ва ижобий маъноларга эга сўз бўлиб, ижобий маънода келса,имтиҳон қилиш,салбий маънода келса фасод ва ажабланиш маъноларида қўлланиладиган ижтимоий иллатдир".
Қуръони карим оятларида "Фитна" сўзи бир қанча маъноларда келади. Бу сўз муборак каломнинг турли оятларида ширк, куфр, гуноҳ, азоб, синов, қотиллик, тўғри йўлдан тўсиш, залолат, узр, ғафлат каби маъноларда учрайди. Шуни яҳши билиб олиш керакки, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолога нисбати берилган фитна сўзи бандаларни синаш, имтиҳон қилиш маъносида келади. Мўмин кишининг мол - давлати, бола-чақаси, мансаби ва насл-насабини деб фитнага учраши ажабланиш маъносидадир. Ёмонлик, қотиллик, фасод ва адоватга сабаб бўладиган фитна бошқа маънода келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни огоҳлантирган кўриниши айни шу қисмидир. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда қуйидагиларни айтган: "Фитна сўзи қайси маънода келаётгани ишора ва гапнинг уловидан билинади ".
Зикруллоҳ Умурзақов,
Норин тумани “Ҳаққулобод” жоме
масжиди имом ноиби