Ислом таълимотларида ота-онага яхшилик қилиш фақат уларнинг ҳаётлик чоғлари ила чегараланиб қолган эмас, балки фарзанд учун ота-онага уларнинг вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш эшиклари очиб қўйилган.
Абу Усайддан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Салама қабиласидан бир киши келиб гаплашди. Мен у Зотнинг олдиларида эдим. Бас, у: «Ё Расулуллоҳ! Ота-онам дунёдан ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишдан бирор нарса қолдими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Ҳа! Тўрт нарса қолди – уларнинг ҳаққига дуо қилмоғинг, уларга истиғфор айтмоғинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажармоғинг ва икковлари томонидан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм қилмоғинг», дедилар. Шунда ҳалиги одам: «Нақадар улуғ!» ёки «Нақадар яхши, ё Расулуллоҳ!» деди. «Бас, шунга амал қил!» дедилар».
Аслида вафот этган одамнинг охиратдаги мақоми бу дунёда қилган амаллари асосида белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам, ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларига раҳим кўрсатиб, уларнинг вафотларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига ва уларнинг охиратдаги мақоми ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган. Ана ўша йўллардан тўрттаси ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилмоқда. Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан:
1. Дуо қилиш. Эътибор берадиган бўлсак, ҳадисда аввал Ота-она ҳаққиларига дуо қилиш, сўнг истиғфор айтиш зикр қилинмоқда. Энди ўз-ўзидан савол туғилади. Дуо билан истиғфорнинг нима фарқи бор? Дуо умумий бўлиб, фарзандлар Ота-оналарининг ҳаққига Аллоҳ таолодан барча яхшиликлар – Фирдавс жаннати, унинг олий мақомлари, Аллоҳ таолонинг раҳмати, хайр-баракалар сўраб дуо қилишдир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, уларнинг хайрли амалларига қўшилиб туради. Бу билан фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
2. Истиғфор айтиш хосроқ бўлиб, Аллоҳ таолодан ота-онасининг гуноҳларини кечиришини сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд дунёдан ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади.
Бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Маййитнинг қабрдаги даражаси кўтарилади. У “Эй, Раббим, бу даражот менга қаердан келди?”, деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло “Фарзандинг сенинг ҳаққингда истиғфор айтди”, деб жавоб беради” (Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). Энди бир тасаввур қилинг, вафотидан кейин ажру-савоб ва даражотининг юксалишига муҳтож бўлиб турган марҳумга фарзандлари томонидан катта туҳфалар етиб турса, ота-онанинг руҳлари қандай шоду-хурсанд бўлади?! Дунёдан ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Чунки Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.
3. Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш. Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, бирон нарсага ваъда берган бўлса, бошқа мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Бу ишлар билан ҳам фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади. Шунингдек, ота-оналар фарзандларига вафотларидан кейин ўзаро аҳил-иноқ бўлиш, мерос ва мол-мулк ёки ер талашмаслик, акалар сингиллари ҳолларидан хабар олиб туришлари каби гўзал васиятларни қиладилар. Уларнинг шу каби гўзал васиятларига амал қилиш ҳам ота-онанинг руҳларини шод қилувчи амаллардан саналади. Зеро Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Албатта сиз тирикларнинг амалларингиз вафот этган яқинларингиз ва қариндошларингизга кўрсатиб турилади. Агар сизларнинг қилаётган ишларингиз яхши амаллар бўлса, марҳумларингиз хурсанд бўладилар. Агар аксинча бўлса, Аллоҳ таолога ёлбориб “Эй, Аллоҳ, фарзандларимизни шу ҳолда жонларини олмагин. Уларни то тўғри йўлга ҳидоят қилгунинга қадар вафот эттирмагин”, деб дуо қиладилар” (Имом Аҳмад ривояти).
4. Ота-онанинг дўстлари, яқинлари, қариндошларини икром қилиш. Фарзанд шу йўл билан ҳам ота-онасига улар ўтиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан савобларни етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхшиликнинг энг зўридан бири: Киши ота-онасининг яқин дўсту-дугоналарига силаи-раҳим қилмоғидир” (Имом Муслим ривояти). Бундан тушуниб оламизки, ота-она дунёдан ўтиб кетса ҳам, уларга яхшилик қилиш эшиклари очиқдир. Мазкур ривоятда келганидек, фарзанднинг зиммасида ота-онанинг яна тўртта хаққи бўлиб, уларни қилиб туриш боланинг вазифаси ҳисобланар экан.
Жобирхон Халимхон ўғли
Наманган тумани “Турсун ача” жоме
масжиди имом хатиби