Таълим тарбия

ФАРЗАНДЛАРНИНГ ИЛМГА МУҲАББАТЛИ ҚИЛИШ ВОЖИБДИР

ФАРЗАНДЛАРНИНГ ИЛМГА МУҲАББАТЛИ ҚИЛИШ ВОЖИБДИР

Тарихдан маълумки, барча буюк давлатларда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, айнан жисмонан соғлом ва ақлан салоҳиятли ёшлар ўз юртининг қудрати ва равнақига замин яратади.

Ҳар бир ота-она ҳам ўз навбатида фарзандининг истиқболи, бахт-саодати ва келажкда мустақл ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади.

Шундай экан, ота-она ўз фарзандининг ёшлик чоғини мазмунли, намунали, фойдали ишлар ва савобли амаллар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим. Лекин болалар тарбиясида баъзан шундай хатога йўл қўйиладики, бу хато фарзанднинг ҳаётида кескин бурилиш ясайди. Эсимда бор, бир киши ўғлини "эшак" деб уришганида боланинг бобоси ўғлини четга тортиб, ундай дема, "хўтик"дегин, сенинг ёшинга етса, эшак бўлади деб ўғлига танбеҳ берган эди. Демак фарзандларни хато қилганида ҳам ҳақорат қилмай, хатосини тўғри тушунтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Хато қилганида уриб сўкмасдан, босиқлик билан тушунтириш лозим. Бирор кичик бўлсада ютуққа эришса: Баракалла, сен улуғ инсон бўлиб етишасан, келажакда нафақат менга балки бутун миллатга раҳмат келирадиган буюклардан бўласан, миллатнинг фахри бўласан, деб рағбатлантириш керак. Ана шунда миллатдан улуғ зотлар етишиб чиқишига замин яратган бўламиз, иншааллоҳ. 

Буюк физик олим Эдисон онасидан қолган китобларни варақлаб ўтириб бир вароқ топиб олади, унда: Эдисонни онасига" Илтимос, ўғлингизни бизнинг мактабдан олиб кетинг унинг ўқишга умуман лаёқати йўқ. Бошқа бирор касб ўргансин, унинг хотираси жуда заиф ва қолоқ", деб ёзилган эди. Эслади, бошланғич мактабга бир неча вақт қатнаганида ўқитувчи шу хатни онасига бериб юборган эди. Лекин онаси хатни ўқиб бўлгач, бироз ўйланиб: "Ўғлим, у мактабда сенга сабоқ беришга лаёқатли устоз қолмапти, шунинг учун сени бошқа мактабга олиб бораман, яхши ўқийсан-а?!"деб бошқа мактабга олиб борган эди. Аслида бола мактабдан ҳайдалган эди, онанинг оқилалиги туфайли, фарзанди оламга машҳур олим мартабасига эришди. Дарҳақиқат, қобилиятсиз бола йўқ (агар туғма ақли норасо бўлмаса), фақат унинг қобилиятини қўзғатиш ва тўғри йўналтира билиш керак. 

Машҳур муҳаддис олим Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний ҳақларидаги ривоят бу фикримизни тасдиқлаши аниқ. Бу зот ёш вақтларида мадрасага бориб ўқишга кирадилар, болаликнинг ўйинқароқлигими, бошқа сабабми, у кишининг ҳам хотиралари илм олиш учун ожизлик қилади. Мударрислар: Сен бошқа иш билан шуғиллан, илм ўрганишга қобилиятинг кам экан, деб мадрасадан озод қилишади. Қалбида илмга муҳаббати бор ўсмир ночор мадрасадан қайтаётиб, ҳавонинг иссиғида дам олиш учун бир ғорга кириб ётади ва бир манзаранинг гувоҳи бўлади. Ғорнинг юқори қисмида сув тўпланиб, бир томчи сув узилиб ерга тушар эди. Томчилаётган сувга бир муддат қараб ётди. Кейин сув томчиси тушаётган ерга қаради. Бироз қараб ётгач шуни кўрдики, юқоридан томчилаб тушаётган сув пастдаги тошга тушиб, тушган жойида тешик пайдо қилибди. Бир муддат кузатганидан кейин унинг қалбида янги фикр пайдо бўлди: Сув юмшоқ нарса, лекин доимий томчилаб тургани учун тошни тешибди. Менинг қалбим тошдан ҳам қаттиқмики, унга илм ўрнашмаса, илмга қалбимда жой бўлмаса, ўзимнинг суст ва дангасалигим боис илмдан маҳрум бўлаётган эканман-да, деб ўша жойдан яна мадрасага қайтиб бориб, астойдил ўқиб, бутун Ислом оламига машҳур олим бўлди. Салкам етти асрдан бери у зотнинг асарлари бутун Ислом оламининг олий билим юртларида ўқитилмоқда. Улуғларнинг таржимаи ҳолларида бу каби ибратлар кўпдир. 

Муқаддас динимизда фарзандларни гўдаклигиданоқ гўзал аҳлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Аҳлоқ ва одоби яхши бўлган болалар зеҳнига илм тез ўрнашади. Тасаввур қилинг: бир синфда ўттиз нафар бола ўқиса, улардан қайси бири одоб билан устозини тингласа, ўша илмда энг пешқадам бўлади. Демак, яхши одоб-ахлоқ илм олишнинг асосий омилларидан биридир. 

Афсуски, ҳозирги давр ота оналари илм учун катта имконият бўлса, ҳам болалари телефон, компютер ўйин ва интернет тармоқ орқали қимор ўйнаш билан банд бўлишмоқда бунга ҳар бир инсон бефарқ бўлмаслиги керак 

Зикруллоҳ Умурзақов,
Норин тумани бош имом хатиби