Таълим тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ЭЪТИБОР

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ЭЪТИБОР

Фарзанд тарбияси ва унинг одоб-ахлоқи масаласи ҳар бир даврда доим эътиборга лойиқ ва муҳим мавзулардан бири ҳисобланади. Зеро, тарбияли, билимли ва одобли авлод оила тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги ва жамият келажагининг мустаҳкам пойдеворидир. Айниқса, ёш авлодга гўзал таълим-тарбия бериш, уларни яхши хислатларга ўргатиш, ҳалол ва ҳаромни ажратадиган ҳамда инсофли қилиб тарбиялаш ота-она зиммасидаги энг муҳим ва масъулиятли вазифадир.

Фарзанд – Аллоҳ таолонинг ота-онага берган буюк неъмати бўлиши билан бир қаторда, уларнинг зиммасидаги улкан масъулияти ҳамдир. Ота-оналар фарзандларини одобли, ахлоқли ва барча гўзал хислатларни ўзида жамлаган эзгу инсон этиб тарбиялашса, ўша буюк неъматнинг қадрига етган ҳамда зиммаларидаги муҳим масъулиятни шараф билан бажарган бўладилар. Энг муҳими, жамиятга керакли, фойдаси тегадиган ва унинг равнақ топишига ўз ҳиссасини қўшадиган фарзандларни камолга етказган бўладилар.

Муқаддас ислом динимизда бошқа барча соҳаларда бўлгани каби фарзанд тарбиясига оид ҳам муҳим тавсия ва кўрсатмалар мавжуд. Чунончи, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда фарзандни чиройли тарбиялаш, унга гўзал одоб бериш ота-онанинг фарзандига берадиган энг олий туҳфаси эканлиги таъкидланган.

Ота-она фарзанди дунёга келганида оқ ювиб, оқ тарайди, ҳеч кимдан кам бўлмасин деб кийинтиради, едириб-ичиради. Бу борада эртаю кеч тиним билмай меҳнат қилади. Аслида эса гўзал одоб-ахлоқ фарзанд учун энг муҳим ва зарур маънавий озуқа эканлигини баъзи ота-оналар унутиб қўйишади. Натижада, фарзандини фақат моддий томондан таъминлаш — едириб-ичириш ва кийинтириш билан чекланиб қолишади. Бу эса фарзанднинг маънан қашшоқ ва келажакда ноқобил бўлиб улғайишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Одоб-ахлоқ ва таълим-тарбия тўғрисида ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом Абу Исо ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳ «Сунан» асарида алоҳида «Одоб» номли боб очиб, унда гўзал одоб фарзанд учун энг керакли туҳфа эканлиги ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифни келтирадилар:

Айюб ибн Мусо отасидан, у киши бобосидан ривоят қилади, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Ота фарзандига берадиган туҳфалари ичида энг афзали – гўзал одобдир».

Ушбу ҳадиси шарифда гўзал одоб ва таълим-тарбия ота фарзандига қолдирадиган молу дунё, унга берадиган ҳадя ва туҳфалар ичида энг яхшиси ва афзали эканлиги таъкидланмоқда.

Зеро, фарзанд янги ниҳол кабидир. Ниҳол ёшлигидан қандай парвариш қилинса ва қайси томонга эгилса, ўша томонга қараб ўсади. Агар унга тўғри ва гўзал тарбия берилса, келажакда ота-онасига раҳмат олиб келадиган, жамиятга нафи тегадиган яхши инсон бўлиб вояга етади. Аксинча, эътиборсиз қолдирилса ёки ёмон томонга эгилса, ҳам оиласига, ҳам атрофидагиларга залолат ва азият келтирувчи кимсага айланади.

Шундай экан, фарзандларимизнинг қайси томонга қараб ўсаётганига, кимлар билан дўстлашаётганига ва нималар билан машғул бўлаётганига эътиборли бўлайлик. Энг яхши ва бебаҳо туҳфа бўлмиш гўзал одоб ҳамда фойдали илм ила фарзандларимизни тарбиялайлик!

Islaminstitut.uz сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди

Лутфуллоҳ Давлатов,
Чортоқ тумани “Султон Саид” жоме 
масжиди имом-хатиби