Жамият аъзоларига муносабат

ЕТИМЛАРНИНГ ХАҚҚИДАН ЭХТИЁТ БЎЛИНГ!

ЕТИМЛАРНИНГ ХАҚҚИДАН ЭХТИЁТ БЎЛИНГ!

Бу ҳикоя ҳаётда бўлиб ўтган воқеа асосида бир гўрков тилидан ёзилди.

Қабристон мўминлар билан гавжум. Бир кекса аёл бандаликни бажо келтирганди.

Гўрков қабристонга майитни дафн қилиш учун келган эркакларга алланималарни тушунтирар, “Аттанг, аттанг, Аллоҳ кечирсин!” деб эшитилар эшитилмас бош чайқаб қўярди. Шовқин суронли баҳс мунозарадан сўнг:

-Марҳумни қабр қабул қилмаяпти. Бу кетишда шомга қолиб кетамиз. Бу банда қандай гуноҳ қилган экан-ки лаҳадга уч бора қўйсак ҳам ер қабул қилмаяпти дейишди. Эй дафинга қатнашаётган аҳли мўминлар, сизлар унинг ҳаққига дуо қилиб туринглар, зора Аллоҳнинг раҳми келса ва қабри уни қабул қилса, қабрда бўладиган ишлари осонлашса. 

Бу орада дуога қўл очган эркаклардан бири баланд овозда “Астағфириллоҳ, илон- илонлар!” деб орқага тисарилди.

Не кўз билан кўрайликки майитнинг устида қорамтир илонлар чирмашиб олган, гўрков уларни олиб ташлашга ҳарчанд уринмасин , лаҳатнинг ичидан қайнаб чиқаётгандек илонлар кўпайгандан кўпайиб борарди.

- “Марҳумнинг турмуш ўртоғи шу  ердами?”- сўради иложсизликдан гўрков.

Нимагадир аввалроқ кўриниш бермаган эркак секин-аста одимлаб:

- “Мен..” - дея жавоб берди.

- “Бу аёлингизни қандай гуноҳи борки ер уни қабул қилмаяпти? Албатта, бу Аллоҳга аён. Аллоҳ ўзи кечирсин. Аёлингиз бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаганмиди?” деб сўради гўрков. 

Эркак гўрковни четроққа олди.

- “Бундан 13 йил аввал катта ўғлим вафот этди. Ундан ёдгор 3 фарзанд, 2 ўғил ва 1 қиз қолди. Ўғлимнинг вафотидан сўнг бева келиним ва набираларимга аёлимнинг муносабати ўзгарди. Оҳир оқибат уларни уйдан ҳайдаб солди.

Маҳалла кўй орасида қаддим букилди. Кегин кичик ўғлимни олиб чет-элга ишлагани кетдим. У ерда қурувчилик қилиб набираларимга уй учун пул тўпладим. Кичик ўғлим эса касбдош дўстлари билан чўмилишга кетганча, қайтиб келмади. Изламаган жойим қолмади. На тиригини, на ўлигини топа олдим. Бу мудҳиш воқеадан кейин у ерда ҳам ишлай олмадим мазам ёмонлашиб қишлоққа  қайтдим.

Аёлимга набираларимга уй олиб бериш учун ишлаб топган бор-будимни бердим. Мен ахмоқ аёлимга ишонибман. У эса пулларга қизим Саидага хали ёш бўлсада тилла тақинчоқлар олиб берибди. Пулнинг қолган қисмини эса ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Мен қизимга:

- “Онанг етимнинг ҳаққини юлиб сенга тилло занжир берса олаверасанми? Ахир улар жигарингни болаларику? Уларга раҳминг келмайдими?” - десам:

- “У келин бегона, набираларингиз эса катта бўлса йўлини топиб кетади деб жавоб қилди.”

Шу воқеадан сўнг, уйдан бош олиб чиқиб кетганман. Аслида, қизимнинг бу гапига тарсаки тортиб ақлини киритиб қўйишим керак эди.

Менга ҳам осонмас, бир ўғлим вафот этди, бири дом-дараксиз йўқолди.

Балки ўшанда аёлим норасидаларни уйдан ҳайдамаганида мен ишлагани кетмасдим, ўғлим ҳам дом дараксиз йўқолмасмиди, набираларим эса ўз ота уйида улғаярди ва аёлимни сўнгги манзилида бу каби аянчли аҳволда кузатмаган бўлардик. Менку, ундан эрилигим учун розиман, ишқилиб Аллоҳ ундан рози бўлиб гунохларини кечирсин, раҳми келсин.

Бу гапларни эшитгач гўрков чуқур хўрсинди-да: -  Бандасининг гуноҳларини Аллоҳнинг ўзи кечирмаса, биз ожизмиз. Ҳар қалай, қиз бўлса ҳам фарзандингиз бор экан. Ҳар куни онаси учун, Аллоҳ розилиги учун Қуръон тиловат қилсин ва гунохларини кечиришини сўраб истиғфорлар айтсин деди. Майитнинг устидаги илонлар эса Аллоҳнинг амри билан келган. Улар дунё ҳаётида еган етим набираларингизни ҳаққини сўраш учун аёлингизни чирмаб олган. Ер эса бир пайтлар аёлингиз етим болаларни ҳайдагани учун унга ҳам жой бергиси йўқ.

Бироздан сўнг яна жаноза намози ўқилди. Гўрков тўпланганларга бир варақ қоғоз тутқазди ва: -“Шу дуони баланд овозда ўқийсиз”- деди. 

Атрофдагиларнинг кўзидан дув-дув ёш оқарди. Биз ҳам сенинг ҳузурингга боргувчимиз, гуноҳларимизни кечир деб дуолар қиларди. 

Отасидан гўрковнинг айтганларини эшитган қиз онаси учун дуо қилишга қабристонга онасини қабри тепасига келди. Қизи не кўз билан кўрсинки, ер онасини ҳамон қабул қилмаганлигини ва қабр устида эса онасини жасадини итлар титиб, бўлакларга ажратиб ташлагагини кўрди ва жуда ҳам қаттиқ шўк холатига тушиб.

Қиз шу заҳоти ўз ўлимини эслади у ҳам онасининг гуноҳига шерик эканини, қачонлардир шу аҳволга тушишини ўйлаб дахшатга тушди. Ва қилган гуноҳлари учун тавба қилди. “Етимнинг ҳаққи икки дарёсини қуритар” деган гап нақадар тўғри эканлигига амин бўлди.

“Уларнинг ҳаққини бугуноқ қайтараман, ойим берган тақинчоқларни акамнинг етим болаларига бераман, уларни ўз ота уйига олиб келаман ва қилган хатоларимни тўғрилайман деб ортига қайтди.

 

Муҳаммадшокир Бобохўжаев,
Норин тумани “Умархўжа эшон” жоме
 масжиди имом хатиби