Инсон дунёга келар экан, ўзига берилган умри чиройли ва сермазмун ўтказмоғи керак. Аслида "умр" сўзининг маъноси харобнинг зидди бўлиб, луғатда тузатиш, обод қилиш ва ислоҳ этиш маъноларини англатади. У "таъмир" сўзи билан ўзакдош. Хароб бўлган уйни тузатиш ва обод этишни таъмирлаш дейилганидек, инсон ҳам ўз ҳаётини ислоҳ этиб, уни обод қилган ҳолда ўтказмоғига "умр" дейилади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: "У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратгандир" (Мулк сураси, 2-оят).
Умр оқар сувдек жуда тез ўтиб кетади. Уни ғанимат билиш лозим. Баъзан инсон унинг ғанимат эканини теран англамайди. Умрни кеча-кундуз, ҳафта, ой ва йилга бўлингани тез ўтишига ишорадир. Инсон умри жуда ҳам оз. Бир зумда ўтиб кетганини бир куни ўзи ҳам пайқамай қолади. Баъзи одамлар умрни ғанимат билиш ўрнига уни беҳудага совуради, умри охирлаб поёнига етиб қолганидан кейин "Қани енди ёшлигим қайтиб келсайди" дея ёшлик даврига қайтишни қўмсайди. Ўз вақтида қадрига етилмаган умрнинг оқибати мана шундай якун топади.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи:"Эй Одам бўлса!Мен янги кунман.Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мени ғанимат билгин, чунки мен кетсам, қиёматгача сенга қайтмайман", деб жар солади.
Улуғ аждодларимиз ўз вақтларидан унумли фойдаланишда ибрат ва намуна эдилар. Шунинг учун ҳам бугунлари кечагисидан, эртаги кунлари бугунгисидан аъло ва афзал ўтган. Донишмандлардан бири шундай деган экан: "Уч кунлик дунёни бир кун деб ҳисобла. Бир кун ўтиб кетди, яна бир куни келадими, йўқми, Аллоҳнинг ўзи билади. Сен ҳозирги кунингни ғанимат билиб, асло ҳаракатдан тўхтама.
Ҳар бир инсон мана шу айтганлар ҳақида чуқур мулоҳаза юритиб, ўзига керакли хулосаларни чиқариши лозим. Қиёмат куни бўлганда ҳар биримиз ўтказган умримиздан сўраламиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилади: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:" Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан-умрини нима билан ўтказгани, ёшлигини нима билан банд қилгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани,(ўрганган) илмидан нималарга амал қилгани ҳақида сўралмагунча, жойидан жилмайди, дедилар.
Бахтнинг учинчи аломати – умрнинг узоқлиги. Мўмин инсон умрининг вақтларини ғанимат билади, ҳаётини тоат ва зикрда ўтказади, ҳамиша тадаббур, тафаккур билан машғул бўлади, шу тарзда Оллоҳга, Охиратга бўлган иймонини кучайтиради. Албатта бундай муминнинг узоқ умр кўриб, солиҳ амалларни кўпроқ қилиши ва шу йўл билан умрига барака ато этилиши ҳақиқат.
Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинади, бир аъробий Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан: «Эй Оллоҳнинг расули, одамларнинг яхшиси ким?» – деб сўради. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умри узун бўлиб, амали гўзал бўлган одам» – деб жавоб бердилар. Термизий, Аҳмад ва Табароний ривояти.
Яна бир ривоятда: «Умри узун ва амали яхши инсон қандаям яхши!» – деганлар. Ҳадис матнида келган طوبى сўзининг луғавий маъноси «қандаям яхши» мазмунидаги эътирофни англатади. Бу эътироф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилидан бўлаётгани бахт эмасми?! Камига, агар бу сўзнинг жаннатдаги дарахт номи эканини эътиборга олсак, мўмин учун жаннатдан улуғроқ бахт бўлиши мумкинми?!
Зикрулло Умурзақов
Норин тумани бош имом хатиби.