Таълим тарбия

ЁШЛАРНИНГ ИЛМ ОЛИШИ — КЕЛАЖАК УЧУН МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР

ЁШЛАРНИНГ ИЛМ ОЛИШИ — КЕЛАЖАК УЧУН МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР

Ҳар қандай жамият ва давлатнинг эртанги куни, мустаҳкам келажаги, аввало, унинг ёшлари қандай тарбия топаётгани ва қандай билимга эга бўлаётганига бевосита боғлиқдир. Ёш авлодга берилган фойдали илм, гўзал одоб ва тўғри тарбия — келажак тараққиётига қўйилаётган энг муҳим ва бебаҳо сармоядир. Зеро, бугун илм-маърифат зиёси билан суғорилаётган ёшлар эртага оила, жамият ва Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшувчи меъморларга айланади.

Илм инсонга нафақат касб-ҳунар ўргатади, балки унинг маънавий дунёқарашини кенгайтиради, яхшини ёмондан, ҳақни ботилдан, фойдалини зарарлидан ажратишга хизмат қилувчи мустаҳкам мезон ва ёруғ чироқдир. Билимли ва маърифатли инсон ҳаётда учрайдиган турли синов ва муаммоларга оқилона ёндашиб, ҳар бир масалада тўғри, адолатли ва фойдали қарор қабул қилишга интилади.

Айниқса, ёшлик даври — илм-маърифат ўрганиш ва ўз устида ишлаш учун энг қимматли ва ғанимат фурсатдир. Бу даврда олинган билим худди тошга ўйилган нақш каби мустаҳкам бўлиб, инсоннинг бутун умри давомида унга ҳамроҳ бўлади ва тўғри йўл кўрсатади. Шу сабабли, ёшларни вақтнинг қадрига етишга, домий китоб мутолаа қилишга ҳамда бугунги кун талаби бўлган замонавий билимларни ва хорижий тилларни пухта эгаллашга рағбатлантириш энг муҳим вазифаларимиздан биридир.

Муқаддас динимизда ҳам илм олиш ва маърифатга интилишга алоҳида юксак эътибор қаратилган. Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятларидаёқ ўқишга, изланишга ва илмга амр қилингани: «(Эй Муҳаммад!) Яратган Рaббинг номи билан ўқи!» (Алақ сураси, 1-оят) дейилгани бунинг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда илм аҳлини юқори даражаларга кўтаришини таъкидлаб шундай дейди: «Айтинг: "Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!"» (Зумар сураси, 9-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини доимо илм ўрганишга ва уни бошқаларга етказишга тарғиб қилиб, шундай деганлар: «Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир» (Имом Ибн Можа ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда: «Ким илм излаш йўлига тушса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини енгиллаштиради» (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бироқ илм фақатгина маълумот йиғишдан иборат эмас. У одоб ва ахлоқ билан уйғунлашгандагина инсон ва жамият учун ҳақиқий манфаат келтиради. Буюк уламоларимиздан Имом Ғаззолий: "Одобсиз берилган илм — мевасиз дарахтга ўхшайди", деганлар. Шу боис ёшларга фақат назарий билим бериш билан чекланмай, уларни ҳалоллик, меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, Ватанга самимий муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ғоят аҳамиятлидир.

Бугунги шиддатли ахборот асрида ёшлар олдида чексиз имкониятлар очилиш билан бир қаторда, турли маънавий ва мафкуравий хавф-хатарлар ҳам пайдо бўлмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги чалғитувчи ва сохта маълумотлар, зарарли ғоялар ҳамда вақтни беҳуда сарфлашга олиб келадиган машғулотлар ёшларнинг онги, ахлоқи ва келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай мураккаб шароитда мустаҳкам диний ва дунёвий билим, соғлом ақл ва ахлоқий қарашлар ёшлар учун энг ишончли маънавий ҳимоя воситаси (қалқони) бўлиб хизмат қилади.

Ёшларнинг илм олиши — фақат уларнинг шахсий муваффақияти ёки оилавий ютуғи эмас. Бир нафар билимли, маърифатли ва одобли ёш — бир оиланинг, бир жамоанинг ва бутун жамиятнинг порлоқ келажагига қўшилган катта ҳиссадир. Бугун китоб ушлаган, касб-ҳунар ва технологияларни чуқур эгаллаётган ёш эртага ўз билими ва меҳнати билан халқига, Ватанига катта наф келтиради.

Шундай экан, ота-оналар, устоз ва мураббийлар ҳамда жамиятнинг барча масъул вакиллари ёшларни илмга бўлган қизиқишини орттириш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва муносиб таълим-тарбия муҳитини яратиш учун бирдек масъулдирлар.

Зеро, бугун ёшларга берилган сифатли таълим ва гўзал тарбия — эртанги миллий тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Пойдевор қанчалик мустаҳкам, чуқур ва сифатли бўлса, келажак биноси ҳам шунчалик барқарор, муҳташам ва хавфсиз бўлади. Ёшлар илмли, маърифатли ва одобли бўлса, жамиятнинг келажаги ҳам ёруғ ва фаровон бўлади.

Одилхон Абдураҳманов,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме 
масжиди имом-ноиби