Жаҳолатга қарши маърифат

ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАЙЛИК!

ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАЙЛИК!

Маълумки, жамиятнинг ривожи ёшларимизнинг ақлий, илмий ва жисмоний салоҳиятига боғлиқдир. Айниқса аҳолисининг салмоқли ҳиссасини ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу масаланинг аҳамияти янада катта. Албатта, Ватанимизнинг тараққиётига ҳисса қўша оладиган ёшлар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди. Балки уларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш, уларни билим-маърифатга қизиқтирадиган шароитлар яратишимиз керак бўлади. Шу билан бирга уларни олий мақсадлардан чалғитувчи ёмон иллатлардан ҳимоя қилиш ҳам шаръий бурчимиздир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ёшларимизни ҳимоя қилишимиз керак бўлган бир иллат - Динни нотайин кишилардан ўрганишдир. Кейинги йилларда ёшларимизни тўғри йўлдан чалғишига сабаб бўлган омиллардан бири ижтимоий тармоқларда беркиниб олган кимсалардан илм олишларидир. Дин илмини ҳар кимдан олинмайди. Уни насл насаби маълум, устози, мазҳаби, эътиқоди маълум кишилардан олинади. Гапираётган гапи бошқа, мақсади бошқа одамлар умматга катта зарар келтиради. Мусулмонларни фирқаларга бўлиб ташлайди. Динни ишончли, эътиборли, ҳамма эътироф қилган устозлардан ўрганиш тўғри йўлдир.

Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар. 

 Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эришиши, ҳам маънавий, ҳам жисмоний етук бўлиши, инсофли тавфиқли бўлишини насиб қилсин. Ота-оналарига доим раҳмат келтиришини муяссар айласин! 

Манбаалар асосида тайёрланди
Лутфуллоҳ Давлатов,
Чортоқ тумани “Султон Саид” жоме
 масжиди имом-хатиби