Фарзанд – Аллоҳ таолонинг энг буюк неъматларидан бири бўлиб, у билан бирга ота-онага катта масъулият юклатилади. Исломда бола тарбияси нафақат ота-онанинг оилавий бурчи, балки Аллоҳ олдидаги масъулият сифатида кўрилади. Шундай экан, ота ўз фарзандининг ҳаётидаги энг асосий устоз, раҳбар ва тарбиячидир. Унинг фарзандига қўйган меҳнати, берган таълими ва сингдирган ахлоқи унинг икки дунё саодатига сабаб бўлиши мумкин.
Исломда ота нафақат моддий таъминловчи, балки маънавий етакчи ва фарзандининг руҳий камолоти учун масъул инсон сифатида қаралади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай оят келган:
“Эй мўминлар! Ўзингиз ва аҳли аёлингизни дўзах оловидан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят)
Бу оятдан маълумки, фарзанд тарбияси – ота зиммасидаги энг буюк бурчлардан биридир.
1. Отанинг фарзанд тарбиясидаги асосий бурчлари
1.1. Фарзандга тўғри эътиқодни сингдириш
Боланинг тарбияси, аввало, унинг ақидавий тўғри йўлга йўналтирилиши билан бошланади. Ота фарзандига тавҳидни, яъни Аллоҳнинг ягона эканини ўргатиши ва уни ширкдан ҳимоя қилиши шарт. Қуръонда Луқмон ҳазратлари ўз фарзандига шундай деб насиҳат қилгани зикр қилинган: "Эй ўғлим! Аллоҳга ширк келтирма. Чунки ширк албатта катта зулмдир."(Луқмон сураси, 13-оят)
Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам болани ёшликдан тавҳидга ва иймонга тарбиялашга қаттиқ аҳамият беришга буюрганлар.
1.2. Болани ибодатга ўргатиш
Исломда болани намозга ўргатиш алоҳида аҳамият касб этади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: "Фарзандларингиз етти ёшга етганда уларни намозга буюринг, ўн ёшга етганда эса (ўқимасалар) уларни жазоланг." (Абу Довуд ривояти)
Бу ҳадисдан англашиладики, бола ёшлигидан ибодатга ўргатилмаса, катта бўлганида бу унга оғир бўлиши мумкин. Шунинг учун ота фарзандини ёшлигидан Қуръон ўқишга, намозни мунтазам адо этишга ва исломий илмларга қизиқтириши лозим.
1.3. Исломий одоб-ахлоқни сингдириш
Боланинг шахсиятида энг асосий жиҳат – унинг ахлоқий фазилатларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: "Мен фақатгина гўзал хулқни камолга етказиш учун юборилдим." (Имом Молик ривояти)
Шу сабабли, ота фарзандига ростгўйлик, адолат, вафодорлик, хулқ-одоб, фидойилик ва меҳрибонлик каби фазилатларни ўргатиши шарт. Бу одатлар ота-онанинг ўзидан бошланади. Агар ота фарзандига ўзи ибрат бўлмаса, унинг айтган гаплари таъсирсиз бўлади.
1.4. Меҳнат ва ҳалол ризқ топишга ўргатиш
Исломда меҳнат қилиш ва ҳалол ризқ топиш катта аҳамиятга эга. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: "Киши ўз қўли меҳнати билан топганидан афзалроқ ризқ йемайди." (Бухорий ривояти)
Шунинг учун ота фарзандини ёшлигидан меҳнатга, касб-ҳунарга ва ҳалол тирикчилик қилишга ўргатиши керак. Бу боланинг келажакда мустақил ва жамиятга фойдали инсон бўлиб етишишига ёрдам беради.
1.5. Фарзандни жасур ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш
Ислом фарзанд тарбиясида жасурлик ва ватанга муҳаббатни ҳам муҳим деб билишга чақиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларини жасурликка, адолатга ва ўз юртига вафодор бўлишга ўргатганлар.
Бугунги кунда ота фарзандига Ватанга садоқат, мусулмон умматига хизмат қилиш ва жамиятга манфаат келтириш каби туйғуларни шакллантириши зарур.
Зуҳриддин Луқманов,
Янги Наманган тумани “Саййид Абдуллатифхон махдум” жоме
масжиди имом хатиби