Ватанни ҳимоя қилиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш юртнинг ҳар бир фарзанди вазифасидир. Она юртимиз ҳар доим ўзининг мард, жасур йигитлари билан фахрланиб келган. Йигитларимиз ота-она ва оиласини, ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни бурч деб ҳисоблаган. 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни”нинг байрам сифатида юртимизда кенг нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурмати, алп йигитларига нисбатан ифтихори намунасидир.
Зотан, Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.
Ватан ҳимоячилари борки, сарҳадларимиз дахлсизлиги таъминланади, халқимиз тунни осуда ўтказиб, мунаввар тонгга пешвоз чиқади. Ватан ҳимоячилари аслида тинчлигимизни таъмин этувчилардир. Кўриб турибмиз, нотинч заминлардаги элу элатлар безовталигини. Шу маънода тинчлик - Аллоҳ таолонинг энг тотли неъмати. Тинчлик бўлмаса, одамлардан ҳузур-ҳаловат, хонадонлардан барака, оилалардан қут, жамиятдан меҳр, юртдан маъмурлик, Ер юзидан файз кўтарилади.
Динимизда нафақат уруш, балки ҳар қандай шаклдаги зўравонлик, фитна-фасод, бузғунчилик, қўпорувчилик, қароқчилик, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш қатъиян ман этилади. Қуръони каримда инсонлар тинчини бузган кимсалар ҳақида бундай дейилади: «Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара сураси, 11–12-оятлар) ; « (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара сураси, 205-оят) .
Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар Ислом динининг моҳиятига мутлақо зид экани “ Бақара ” сурасининг 191-оятидаги “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…” , деган кўрсатмада янада ойдинлашади.
Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш турли кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади.
Ватанимиз ҳимоясида сергак, ҳушёр ва собит турган миллий армиямиз вакиллари эса ҳар қанча юксак ҳурматга лойиқдир. Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-ҳотиржамлик каби илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайдилар.
Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. Минг шукрки, халқимизнинг садоқатли ва фидойи ўғлонлари жуда кўп. Юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли фарзандлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган йигитлар, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимиз эзгу ниятли халқимиз бахтига доим омон бўлишсин!
Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Наманган вилояти Бош имом хатиби.