Байрам ва марака маросимлари

ЭНГ ЭҲТИРОМЛИ КАСБ ЭГАЛАРИ

ЭНГ ЭҲТИРОМЛИ КАСБ ЭГАЛАРИ

Ислом таълимотида илм олиш ҳар бир мусулмонга фарз экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: "Раббим, илмимни зиёда қилгин" (Тоҳо сураси, 114-оят).

Илмнинг зиёда бўлиши устоз орқали бўлади. Устозлар инсоннинг қалбига нур, ақлига йўл, ҳаётига маъно берувчи раҳбар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни қадрлаш, дуо қилиш исломда савобли амалдир. 

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.”   Алишер Навоий

Бу сўзлардан маълум бўладики, ҳатто кичик бир илмни ўргатган киши ҳам устоз даражасида кўрилади. 

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ:  "Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳечам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан бирга  устозимнинг   ҳаққига ҳам   истиғфор   айтаман.  Зотан  мен   доимо менга таълим  берган  ёки бирор  нарса  ўргатган  киши  учун   истиғфор айтаман"

Ислом қадриятларининг асосий устунларидан бири — илм ва маърифатга бўлган чуқур эътибордир. Қуръони каримда: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» (Зумар, 9)

Ушбу савол орқали илмли кишининг мақоми жоҳилга нисбатан қанчалик юксак экани очиқ баён этилган.

Расулуллоҳ   саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Олимларга эҳтиром кўрсатинглар, чунки улар анбиё ворисларидир. Ким олимни улуғласа, Аллоҳ ва Расулини улуғлаган бўлади». Ҳазрати Алий карамаллоҳу важҳа  шундай деганлар: «Ким олимга ҳурмат кўрсатса, у Аллоҳга ҳурмат кўрсатган бўлади».

Бу ривоятлардан англашиладики, олим ва устозга ҳурмат — Аллоҳ ва Унинг динига ҳурматдир.

Нима учун олим ва устозларга ҳурмат қилинади?

Ислом таълимотида олимлар инсонларга ҳақ йўлни кўрсатувчи раҳномолар, бидъат ва ботилга қарши турувчи қўрғон, халқ оғирини енгил қилишда ёрдамчи, умматга нур ва умид берувчи инсонлар сифатида зикр этилган.

Шунинг учун уларни улуғлаш ва ҳурмат қилиш мусулмоннинг маънавий бурчидир. Чунки уларнинг оталарча шогирдга берган меҳри шогирдни  униб устиради. 

Ислом тарихида илм ва маърифатга садоқат билан хизмат қилган улуғ шахсиятлар кўп. Улардан бири — Имом Юсуф раҳматуллоҳ алайҳдир. Ривоят қилинишича, у  кичик ёшда отасидан етим қолади. Онаси уни кундалик ризқ топиши учун тикиувчи ҳузурига шогирдликка юборади. Бироқ тақдир бошқача йўл кўрсатади. Имом Юсуф тикиувчиликка кетар экан, йўлда талабалар ҳалқа қуриб, Имом Абу Ҳанифанинг дарсини тинглаётганини кўради. Шу манзара унинг қалбини тўлқинлантиради ва у ишга кетмасдан, дарсда қолади. Бу ҳолат бир неча кун такрорлангач, тикиувчи онасига шикоят қилади. Онаси эса ўғлини Абу Ҳанифа ҳалқасида топиб, ғазаб билан қулоғидан тортади. Шунда Имом Абу Ҳанифа онасига шундай дейдилар:

– Эй аёл, болани қўйгин. Унда ўткир зеҳн кўряпман. Бир кун келиб у подшоҳлар тановул қиладиган фистиқ ёғи билан тайёрланган фалўзаж ейди.  Онаси бу гапларга ишонмаса-да, бола дарсга қайтди. Абу Ҳанифа унга:

– Тикувчи сенга қанча ҳақ берди? – деб сўради.

Бола: – Бир данақ, – деб жавоб берди.

Шунда устоз: – Мен сенга ўша ҳақни бераман, аммо мунтазам дарсга қатнаш, – деб уни илм йўлига рағбатлантирди. Йиллар ўтиб, Имом Юсуф илмда катта мақомга эришди. У халифа Ҳорун ар-Рашид замонида Қозиюл-қуззот — қози-ул-қозий бўлди. Бир куни халифа уни зиёфатга чақирди. Дастурхонга кўплаб таомлар ичида фистиқ ёғи билан тайёрланган фалўзаж ҳам келтирилди.

Шу пайтда Имом Юсуф болалигидаги устози Абу Ҳанифанинг сўзини эслаб, кўз ёш тўкди. Устозининг дуоси ва меҳри билан бу даражага етишганини ҳис этди ва устози учун дуо қилди. Аллоҳ барча устозларни мукофатларини тўла қилиб берсин! Ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бағишлаган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳога муносиб. Барча устоз ва мураббийларни байрами билан муборакбод этамиз, доимо соғ-саломат ва офиятда юришини, илм нурини таратишда собитқадам бўлишини сўраб дуо қиламиз.

 

Обидхон домла Икрамов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакилининг 
биринчи ўринбосари