Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар.
Энг ёмон иллат жамиятдаги кишиларни бир-бирига душман қиладиган, якка шахсларни ўзаро душман қилиш орқали бутун жамиятга адоват уруғини сепадиган ва шу орқали инсоний алоқаларни, оилаларни ва жамиятни таназзулга юз туттирадиган ёмон ҳулқлар ҳақида гапирилмоқда.
Улар рўйхатининг бошида эса, бадгумонлик турар экан. Кўрган, эшитган одамидан бирор ёмонлик ахтариб, «ундай бўлса керақ бундай бўлса керак», дейиш бадгумонлик бўлади. Бу нарса, аввало, баъзи шахслар ичида адоват қўзғаб, душманлик ва ишончсизлик руҳини таратади.
Кейинроқ ушбу руҳ жамиятнинг турли табақаларига тарқалиб, ҳамма бир-бири ҳақида ёмон гумонга борадиган, бир-бирига душманлик қиладиган ва ишонмайдиган бўлиб қолади.
Аввал айтиб ўтилганидек, бир-бирига ҳасад қилиш, ёмон кўриш, кек сақлашни ўзига касб қилиб олиш, ёмонликда мусобақалашиш, бир-бирига турли ёмонликлар қилиш, одамларни ишга солиш ва бошқаларнинг барчаси бўлмағур нарсалар экан. Балки мўмин-мусулмонларнинг барчаси ака-укадек бўлиб юришга ҳаракат қилишлари керак.
Келинг, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсаларни бир-бир кўриб чиқайлик.
«Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир».
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонлик бўлиб, у кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритиш ҳисобланади. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, бўлиб, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бас, ёмон гумондан сақланиш лозим. Ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша ичи бузуқ одам бўлади. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса, айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса, унинг тескариси бўлади.
«Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг».
Албатта, бир-бирини пойлаб, бир-бирининг зиддига жосуслик қилиш мўмин-мусулмонларга тўғри келмаслиги ҳаммага аён.
Бу маъно бошқа ривоятларда «Лаа танаажашуу» шаклида келган. Бу сўз аслида ваҳший ҳайвонни бир жойдан бошқасига қувишга ишлатилади.
Аммо бу сўз ва унинг бирикмалари савдода ишлатилиши одатга айланиб қолган. Бунда бировни алдаш учун савдо молининг нархини оширилади.
«Нажш» сўзи луғатда шишириб кўрсатиш маъносини англатади.
Савдода эса, бошқаларни алдаб қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.
Бунда сотувчи билан келишиб олган шериклари бўлади. Сотувчи савдо молини мақтаб туради. Шериклар эса одам тўпланганда келиб, жуда зўр нарса экан, баҳоси ҳам арзон, деб хўжакўрсинга сотиб оладилар.
Буни кўриб турган бошқа кишилар ҳам қизиқиб сотиб ола бошлайдилар. Бу иш очиқ-ойдин алдамчилик экани кўриниб турибди.
Ўзаро муомалада ҳам бировга ўзини яхши кўрсатиб, аслида унинг зарарига иш қилиш ҳаромлиги учун бу нарса ушбу ерда зикр қилинган. Бу иш бор ердан бир-бирига нисбатан бадгумонлик келиб чиқиши борлиги учун ҳам бу нарса эсга олинган.
«Ким ўзарга уриниб, ўзаро ҳасад қилишманг».
Ҳасад сўзи луғатда арчиш ва шилиш маъносини билдиришини ва у қалбни арчиб шилишини айтиб ўтгандик.
Уламолар ҳасадни бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлаш, дейдилар.
Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб, энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир.
Мўмин-мусулмон бандалар бир-бирларига ҳасад қилишдан бутунлай йирокда бўлишлари лозим.
«Бир-бирингизни ёмон кўрманг».
Албатта, мўмин-мусулмонлар биродар бўлганларидан кейин ўзаро бир-бирларини ёмон кўришлари мутлақо мумкин эмас.
«Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг».
Бу ердаги рақобат арабчада «Танофус» дейилади ва рағбат қилинган нарсада ёлғиз ўзи қолишга интилиш маъносини англатади. Бунда ҳам ҳасадга ўхшаш ҳолат бор.
Албатта, бу иш ҳам мусулмонларга мутлақо тўғри келмайдиган ишдир.
«Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар».
Аллоҳ таоло сизни шунга амр қилган.
Ҳудайбердиев Муҳиббуллоҳ
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.