Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам “ дуо ибодатдир” дедилар ва (Ғофир сурасининг 60- ояти) “ва Роббингиз: “ Менга дуо қилинглар, сизни ижобат қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар” оятини қироат қилдилар.
Ушбу ҳадисда келитрилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига билдирмоқда.
“Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”.
Яна бир ҳадиси шарифда;
“ Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”.
“ Кимни Аллоҳ таоло унга балолар, шиддатлар пайтида дуосини ижобат қилиши хурсанд қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”.
“Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳ таоло бериладиган нарсалар ичида энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашликдир”, дедилар”.
Бир ҳакимдан сўрашган экан: “бизлар дуо қиламиз, лекин дуоларимиз ижобат бўлмайди. Аллоҳ таоло :
“Менга дуо – илтижо қилинглар, Мен сизларни ижобат қиламан”- деб айтган ку?” деб.
Ҳаким айтибди: “Сизларда еттита хислат бор дуоларингизнинг ижобатидан манъ қилади”. “Қайси хислатлар?” деб сўрашди. Айтди:
Сизлар Роббингизни ғазаблантирасизлар, Унинг ризосини талаб қилмайсизлар, яъни Аллоҳ таолонинг ғазаби вожиб бўладиган ишларингга пушаймон бўлмайсизлар.
Бизлар Аллоҳ таолонинг бандаларимиз, дейсизлар. Аммо банданинг ишини қилмайсизлар, яъни банда хўжаси буюрганни бажаради ва унинг амридан чиқмайди.
Сизлар Қуръони Каримни ўқийсизлар, лекин унга эргашмайсизлар, амал қилмайсизлар, яъни тафаккур ва таъзим билан ўқимайсизлар, буйруқларига амал қилмайсизлар.
Биз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг умматларимиз, дейсизлар-у, у кишининг суннатига амал қилмайсизлар, яъни сизлар одатларга ва ирим-сиримларга амал қилиб, суннатга эргашмайсизлар.
Сизлар дунёни арзимас деб айтасизлар, аммо унга ёпишиб оласизлар.
Сизлар ҳаром ва шубҳали луқма ейсизлар. У икковидан қайтмайсизлар.
Охират дунёдан яхшироқ, дейсизлар, лекин охират талабида ҳаракат қилмайсизлар ва охиратдан кўра дунёни кўпроқ хоҳлайсизлар.
Дуо қилган банда ўзини Роббисига муҳтож эканини эътироф этади. Дуо қилмаслик эса, гуёки банда Аллоҳга муҳтож эмасдек муомала қилиш бўлиб, бу Аллоҳнинг ғазабини келтиради.
Яна бир ҳадиси муборакда “Албатта, дуо – ибодатдир! Кейин “Мендан дуо қилиб сўранглар, ижобат қиламан”, – деган ояти каримани ўқидилар” (Имом Бухорий ривояти).
Дарҳақиқат, дуо банданинг Аллоҳ билан тўғридан-тўғри мулоқотидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло дуо қилувчи бандасини яхши кўради ва уларни Ўз раҳматига яқинлаштиради. Шу билан бирга, дуо қилмайдиган бандаларига ғазаб қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган яъни: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ ундан ғазабланади” (Имом Термизий ривояти).
Демак, биз қанча кўп дуо қилсак шунча кўп ибодат қилган бўлар эканмиз.
Киши Роббисига илтижо қилиб дуо қилар экан, унинг дуоси ҳеч қачон бесамар кетмайди. Дуо қилиш ибодат бўлгандан кейин банда ўзининг каттаю кичик барча ҳожатларини Аллоҳ таолога илтижо қилиб сўрашни кўпайтириши керак. Баъзилар фақат бошига мушкул тушган пайтида дуо қилади холос, аслида мўмин банда ҳар қандай ҳолатда, яъни хурсандчилик ва хафачилик пайтларининг барчасида Роббисига илтижо қилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки қийинчилик ва мусибат пайтида дуоси Аллоҳ томонидан ижобат бўлишини истаса, фаровонлик ва осойишталик даврида кўпроқ дуо қилсин” (Имом Термизий ривояти).
Баҳодир Ботиров
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби