Жамият аъзоларига муносабат

ДЎППИ – ЎЗБЕКНИНГ БОШИ, БОШИ ЭСА ИФТИХОРИ

ДЎППИ – ЎЗБЕКНИНГ БОШИ, БОШИ ЭСА ИФТИХОРИ

Дўппи — бу оддий бош кийим эмас. Унинг матосида, нақшида ва ҳар бир тикувида ўзбекнинг тарихи, орияти, қадрияти, ҳатто дини мужассам. Бу бош кийим халқимизнинг бир неча асрлик ҳаёти, урф-одатлари, маънавий дунёқараши билан боғлиқ. Дўппи нафақат зебу-зийнат учун, балки ўзлигимизни, миллатимизни ва иймонимизга бўлган садоқатимизни англатувчи тимсолдир.

Дўппига фақат мода нуқтаи назаридан қараш хато. Чунки у на фақат бошни беркитади, балки қалбдаги ор-номус, поклик ва ватанга муҳаббатни ҳам ифодалайди. Дўппини кийиш — бу ўзлигини, миллатига мансублигини ҳис қилиш, аждодлардан мерос бўлиб келаётган қадриятга ҳурмат билдирадиган амалдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида кўрамизки, у зот ҳар доим покиза, зебо, халқининг урфига мос либосда юрар эдилар. Шунингдек, Исломда ташқи қиёфа, кийиниш маданияти ҳам муҳим тарбия воситаси ҳисобланади. Демак, дўппини кийиш ҳам ўзбек мусулмонининг мукаммал ва анъанавий тарбиясининг бир кўриниши ҳисобланади.

Афсуски, баъзи ёшлар дўппини фақат кекса авлодга хос кийим деб ҳисоблашади. Бу нотўғри тушунча. Дўппи ёшларга ҳам, қариларга ҳам ярашади. Ҳар бир ўзбек учун у муносиб кийимдир. Чунки у бизнинг умумий тимсолимиздир. Мисол учун, хорижда бошида дўпписи бор инсонни кўрган ҳар қандай киши: “Бу ўзбек экан”, деб тан олади. Бу орқали нафақат миллатимиз, балки тарбиямиз, урф-одатимиз ва иймонимиз ҳақида ҳам тасаввур ҳосил бўлади. Дўппининг ҳар бир чигал нақшида тарих, маданият ва маънавият мужассам.

Дўппини кийиш нафақат зийнат, балки масъулият ҳамдир. Болага кичкиналигидан дўппи кийдириш орқали у келажакда ўз миллатини, қадриятларини ардоқлайдиган инсон бўлиб улғаяди. Чунки дўппи билан бирга бола онгу шуурида тарбия, ҳурмат, поклик каби маънавий тушунчаларни қабул қилади. У ўзлигини унутмайди, ўзини ҳар доим яхши тутиши, сўзи ва амаллари билан ўз миллатига ҳурмат келтириши кераклигини ҳис этади.

Бугунги кунда байрамларда, тўйларда, расмий тадбирларда кўплаб ёшлар дўппи кийиб чиқишяпти. Бу қувонарли ҳол. Лекин бунга қўшимча қилиб, дўппини кундалик ҳаётга ҳам қайтаришимиз керак. Дўппи фақат тантана учун эмас, балки ҳар куни кийиладиган, шахсиятимиз бир қисмига айланган кийим бўлиши лозим. Ҳар бир она фарзандига дўппи тикиб берсин, ҳар бир ота фарзандига унинг маъносини англатсин. Қандай нақш бўлишидан қатъи назар, муҳими — дўппига меҳр билан муносабатда бўлиш.

Бу одат орқали биз ўзлигимизни сақлаймиз. Миллатни миллат қиладиган нарса — унинг тили, дини ва кийиниш маданиятидир. Дўппи мана шу маданиятнинг, шу маънавиятнинг ажралмас бир қисми. Ҳар бир ўзбек фарзанди учун дўппи кийиш — ор-номус, тарбия ва ифтихор рамзига айланиши лозим.

Мен учун дўппи — бу ўзимни англатадиган тимсол. У менинг кимлигимни эслатади: мен ўзбекман, боши дўппили, қалби иймонли инсонман. Шу сабабли, дўппини асраш – бу бошни, қалбни, иймонни ва миллатни асраш демакдир.

Биз фарзандларимизга саройлар, қасрлар эмас, мана шундай маънавий бойликларни, миллий тимсолларни, орият ва номус туйғусини қолдирсак, жамиятимиз учун энг улуғ хизматни қилган бўламиз.

Нуруллоҳ Маҳкамов,
Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме 
масжиди имом-ноиби