Жамият аъзоларига муносабат

ДИНИМИЗДА УСТОЗГА ЭҲТИРОМ ВА ШОГИРДЛИК ОДОБИ

ДИНИМИЗДА УСТОЗГА ЭҲТИРОМ ВА ШОГИРДЛИК ОДОБИ

Аллоҳ таоло бирoр соҳа вакилларини устоз ва мураббийларни улуғлаганидек қадрларини баланд кўтармаган.

Буюк ватандошимиз Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда динимиз устозларни нақадар олий мақомга кўтариб қўйганини билиш мумкин: Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шубҳасиз, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмон ва ердаги барча мавжудотлар, ҳаттоки уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшиликни ўргатган муаллим ҳаққига дуо қиладилар», дедилар».

Келинг, ушбу ҳадис ҳақида тааммул қилиб кўрайлик. Ҳадисда яхшиликни таълим берувчи устозлар ҳаққига қуйидагилар дуо қилиши айтилмоқда:

  1. Аллоҳ таоло;

  2. Фаришталар;

  3. Осмон аҳли;

  4. Ердаги барча мавжудотлар;

  5. Ҳаттоки уясидаги чумоли;

  6. Денгиздаги балиқлар.

Чуқур ўйлаб кўрилса, ҳадисда санаб ўтилмаган бирoр жонзот қолдими? Аслида, Аллоҳнинг Ўзи муаллимларга салавот айтиши, яъни раҳматини ёғдириши кифоя қиладиган энг улуғ шарафдир. Лекин муаллимлар шу даражада буюк зотларки, Аллоҳ таоло бошқа ягона ва жамики маҳлуқотларини ҳам ўша муаллимларнинг ҳаққига дуо қилиш билан банд қилиб қўйган. Оддий маҳлуқотдан тортиб, мартаба ва даражаси энг олий бўлган маҳлуқотлар ҳам муаллим ва устозларнинг ҳаққига дуо қилишади.

Тасаввур қилиб кўринг, ҳадисда фалон жонзот, фалон ҳайвон деб бирма-бир санаб ўтилмасдан, барчасини қамраб олувчи «ер ва осмондаги бор мавжудот» дейилди. Маъно янада тушунарли бўлиши учун ер тагидаги чумоли ва денгиз тубидаги балиқлар ҳам яхшиликни таълим берувчи устоз ҳамда муаллимлар ҳаққига дуо қилиши алоҳида таъкидланди.

Шунинг учун машҳур шоир Аҳмад Шавқий муаллимлар ҳақидаги шеърининг бир мисрасида:

كَادَ الْمُعَلِّمُ أنْ يَكُونَ رَسُولاً

«Муаллимлар пайғамбар бўлаёзди», — деган.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли ташбеҳ билан олимнинг фазлини баён қилиб: «Олимнинг оддий (илмсиз) обиддан фарқи тўлин ойнинг бошқа кичик юлдузлардан фарқи кабидир», — деганлар.

Уламолар шогирднинг устозига кўрсатиши керак бўлган одобларини санаб ўтганлар. Шогирд устози олдида амал қилиши лозим бўлган энг асосий 14 та одоб қуйидагилардан иборат:

  1. Устозга биринчи бўлиб салом бериш;

  2. Устоз олдида камроқ гапириш;

  3. Бошни эгиб, камтарин туриш;

  4. Нигоҳни ҳар томонга югуртирмаслик;

  5. Масала сўрамоқчи бўлса, олдин ижозат олиш;

  6. Устознинг жавобига эътироз билдирмаслик;

  7. Устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик;

  8. Ўтириш ва туришда ҳурматни тўла сақлаш;

  9. Устознинг айбларини қидирмаслик;

  10. Биров устозини ғийбат қилганда, уни ҳимоя қилиш;

  11. Устознинг ҳаққига хайрли дуолар қилиш;

  12. Устознинг яқинларини ҳам ҳурмат қилиш;

  13. Устознинг хизматини чин юракдан ва ихлос билан қилиш;

  14. Устознинг хоҳишини ўз хоҳишидан устун қўйиш.

Шундай экан, ҳар биримиз устозларимизни ҳурмат ва эҳтиром қилишимиз, агар вафот этган бўлишса, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилиб туришимиз лозим. Ҳаёт бўлган устозларимизни эса доимо иззат-икром қилиб, ҳурматларини жойига қўйишимиз керак.

Ғайратжон Асабоев,

Янгиқўрғон тумани “Эскиобод” жоме
масжиди имом-хатиби