Жамият аъзоларига муносабат

ДИНИМИЗДА ОБОДОНЛАШТИРИШ, МАҲАЛЛА ВА КЎЧАЛАР ТОЗАЛИГИ

ДИНИМИЗДА ОБОДОНЛАШТИРИШ, МАҲАЛЛА ВА КЎЧАЛАР ТОЗАЛИГИ

1. Ер юзида бузғунчилик қилмаслик.

Ислом дини нафақат ибодатларга, балки инсон яшайдиган муҳитнинг покиза, обод ва гўзал бўлишига ҳам катта аҳамият беради. Тозалик иймоннинг белгиси, ободонлаштириш эса садақа ва савобли амаллардан ҳисобланади. Қуръони карим ва Расулуллоҳ нинг ҳадисларида ер юзини ислоҳ қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, дарахт экиш, йўлларни озода сақлаш каби эзгу ишларга алоҳида тарғиб қилинган. 

"Ер юзи ислоҳ қилинганидан кейин унда фасод чиқармангиз." (Аъроф сураси, 56-оят)»

Имом Табарий ва Ибн Касир раҳимаҳумаллоҳлар ушбу оят тафсирида ер юзидаги ҳар қандай бузғунчилик, жумладан, атроф-муҳитга зарар етказиш, ифлослантириш, табиатни вайрон қилиш ҳам фасод турларидан эканини баён қиладилар.

2. Исроф қилмаслик

"Еб-ичинглар, лекин исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди."(Аъроф сураси, 31-оят)

Бу оят сув, ер, табиий бойликлар ва бошқа неъматлардан оқилона фойдаланишга чақириб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.

3. Ерни обод қилиш

"У сизларни ердан пайдо қилди ва уни обод қилишни сизларга топширди." (Ҳуд сураси, 61-оят)

Муфассирлар ушбу оятни инсон зиммасига ерни обод қилиш, унда эзгу ишлар қилиш, қуриш, экин экиш ва фаровон ҳаёт барпо этиш вазифаси юкланганига далил деб келтирганлар. Расулуллоҳ нинг ҳадисларида "Тозалик иймоннинг ярмидир." (Муслим ривояти)

Бу ҳадис мусулмон инсоннинг кийими, уйи, кўчаси, маҳалласи ва атрофини ҳамиша пок сақлаши лозимлигини англатади.

"Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш садақадир." (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадис кўчаларни, йўлларни ва жамоат жойларини озода сақлаш қанчалик савобли амал эканини кўрсатади.

"Қайси бир мусулмон дарахт экса ёки экин экса, ундан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бу унга садақа бўлади." (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадис табиатни асраш ва кўкаламзорлаштиришнинг доимий савоб манбаи эканини баён қилади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг васиятлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қўшин юборганларида "Дарахтларни кесманглар, мевазорларни вайрон қилманглар, экинзорларга зарар етказманглар." Бу васият Исломда ҳатто уруш пайтида ҳам табиатни муҳофаза қилишга буюрилганини кўрсатади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ривоят қилинишича, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу шаҳар кўчаларининг тозалиги ва бозорларнинг тартибига шахсан эътибор берганлар. Агар йўлларда одамларга озор берадиган ҳолатни кўрсалар, уни бартараф этишни буюрар эдилар. Имом Ғаззолий: "Ташқи поклик қалб поклигининг белгиларидан биридир," деб таъкидлайдилар. Мусулмон инсоннинг ташқи муҳити ҳам унинг ички маданияти ва иймонини акс эттиради.

Маҳалла – мусулмон жамиятининг асосий бўғинидир. Покиза маҳаллада барака, аҳиллик ва соғлом муҳит қарор топади. Кўчага ахлат ташлаш, дарахтларни синдириш, сувни исроф қилиш, ҳавони ифлослантириш каби ишлар Ислом ахлоқига зиддир.

Обод маҳаллада:

- кўчалар озода бўлади;

- дарахт ва гуллар парвариш қилинади;

- ариқлар тозаланади;

- қўшнилар бир-бирига ёрдам беради;

- болаларга поклик маданияти ўргатилади.

 Хулоса шуки Ободонлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маҳалла ва кўчаларни тоза сақлаш Исломнинг юксак ахлоқий талабларидан биридир. Қуръон инсонни ер юзида ислоҳ қилувчи бўлишга чақиради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса тозаликни иймоннинг ярми деб таърифлайдилар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ўз уйини, маҳалласини, кўчасини ва юртини покиза сақлашни ибодат ва масъулият деб билиши лозим. Ана шунда жамиятимиз янада обод, файзли ва баракали бўлади.

Жобирхон Халимхон ўғли

Наманган тумани Турун ача жоме 
масжиди имом хатиби