Устоз учун шогирдининг дарсни яхши ўзлаштириши — катта қувонч. Шогирднинг илмда ўсиб-улғайиши — устоз меҳнатининг энг гўзал самарасидир.
Аммо шогирд йиллаб ўқиб, илмни тўлиқ эгалламасдан ва одоб-ахлоқини шакллантирмасдан кетса — бу устоз учун оғир алам ва қайғудир.
Шогирд балки буни сезмас, ота-онаси ҳам пайқамас... Чунки улар: «Болам ўқиди, устоздан таълим олди», деб ўйлашлари мумкин. Аммо устоз шогирдининг қаерда қийналаётганини, нимани билмаслигини ва қайси мавзуни чала тушунганини ҳаммадан кўра яхши билади.
Шунинг учун баъзида устознинг қаттиққўллиги ортида ғазаб эмас — юксак масъулият ва куюнчаклик туради. Устоз шогирдига: «Сен ҳали бу илмни тўлиқ эгалламадинг», деса, бу уни камситиш эмас, балки келажагини ўйлаб айтилган бебаҳо насиҳатдир.
Ота-она фарзанди устозидан танбеҳ олганини эшитганда, дарҳол устозга қарши чиқишдан олдин: «Фарзандим нима хато қилди?» деб суриштириши керак. Чунки фарзанд ўзини оқлаши мумкин, устоз эса кўпинча ота-она пайқамаган камчиликни очиқ-ошкора кўради. Фарзандни ҳар қандай танбеҳдан кўр-кўрона ҳимоя қилиш — уни чинакам тарбиядан маҳрум қилиб қўймасин!
Биз устозни қандай ҳурмат қилсак, фарзандимиз ҳам бизни шундай ҳурмат қилади
Жамиятда устознинг қадри тушган жойда илмнинг ҳам, тарбиянинг ҳам мувозанати бузилади. Ота-она фарзанди олдида ўқитувчи ёки мураббийнинг обрўсини туширса, аслида ўз фарзандининг қалбидаги ҳурмат ва одоб туйғусини илдизи билан суғуриб ташлаган бўлади. Устозга эҳтиром кўрсатган хонадонда ўсган фарзандгина эртага ота-онасининг ҳам қадрига этадиган солиҳ инсон бўлиб улғаяди.
Уламоларимиз илм билан бирга одобнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаганлар. Имом Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ:
«Биз кўп илмдан кўра озгина одобга муҳтожроқмиз», — деганлар.
Илм — устознинг розилиги билан баракали бўлади
Қадимдан уламоларимиз: «Илмга эришишнинг учдан бири тиришкорлик, учдан бири истиъдод, аммо энг асосий қисми — устознинг дуоси ва розилигидир», дейишган. Шогирд қанчалик зинҳор-базинҳор китоб ўқимасин, агар устозининг қалбини оғритса, унинг илмидан манфаат кам бўлади, баракаси қочади. Устознинг ихлос билан қилган бир оғиз хайрли дуоси шогирднинг ҳаётидаги энг катта довонларни очишга сабабчи бўлади.
Ҳақиқий илм инсонни кибрга эмас, камтарликка етаклайди. Илми ортган инсон ҳеч қачон: «Мен ҳамма нарсани биламан», демайди. Аксинча: «Мен билмаган нарсалар ҳали жуда кўп», деб камтарлик билан изланишда давом этади.
ЭЙ ШОГИРД!
Сенга ҳарф танитган инсонни унутма!
Сенга китоб тутқазган қўлни қадрла!
Билмаганингни сабр билан тушунтирган устозингни асло менсимаслик қилма!
Унинг бир оғиз танбеҳидан хафа бўлиб, йиллар давомида чеккан меҳнатини бир зумда инкор этма!
Бугун устозинг ёнингда — унинг насиҳатини эшитиш, савол бериш ва хато қилганингда кечирим сўраш имконинг бор. Аммо инсон ҳар доим ҳам бундай саодатли имкониятга эга бўлавермайди. Бир кун келиб устозингни излаб қолишинг, унинг овозини эшитишни хоҳлашинг ва биргина танбеҳига муштоқ бўлишинг мумкин. Лекин вақт ортга қайтмайди... Шунинг учун устознинг тириклигида қадрига ет!
Устозни ҳурмат қилайлик, насиҳатини қадрлайлик ва танбеҳидан тўғри хулоса чиқарайлик. Илмни чала эмас, пухта ва мукаммал ўрганайлик.
Зеро:
УСТОЗГА ЭҲТИРОМ — ИЛМГА ЭҲТИРОМ.
ИЛМГА ЭҲТИРОМ — КАМОЛОТГА ЭҲТИРОМДИР.
Аллоҳ таоло барчамизга устозларимизнинг ҳаққини адо этишни, илмни одоб билан ўрганишни ва ўрганган илмимизга амал қилишни насиб этсин!
Шамсиддин Бурҳониддинов,
Давлатобод тумани “Имом Аъзам” жоме
масжиди имом-хатиби