Таълим тарбия

БЕМОРНИ ЙЎҚЛАШНИНГ ФАЗИЛАТИ

БЕМОРНИ ЙЎҚЛАШНИНГ ФАЗИЛАТИ

            Муқаддас Ислом динида ҳар бир яхши амал учун бандага Аллоҳ таоло томонидан кўплаб ажр мукофотлари берилиши борасида оят ва ҳадисларда баён қилинган. Жумладан беморни зиёрат қилиш учун ҳам кўплаб яхшиликлар ваъда қилинган. Жумладан беморни йўқлаганга бериладиган ажру савоблар ҳам Аллоҳ таоло бу умматга ато этган фазилатлардандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким беморни йўқласа, осмондан: “Яхши қилдинг, яхши юрдинг, жаннатдан ўзингга жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилинади» (имом Термизий, имом Ибн Можа ва имом Ибн Ҳиббон ривояти) . Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики мўмин банда биродарига етган беморлик туфайли уни ҳолидан хабар оладиган бўлса Аллоҳ таоло томонидан улкан ажрга эга бўлиши маълум бўлмоқда. 

Бошқа бир ҳадисда Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Мусулмон (бемор) 
мусулмонни йўқласа, қайтиб келгунича жаннатнинг хурфасида бўлади”, дедилар. “ Жаннатнинг хурфаси нима? ”  деб сўрашган эди,  Мевалари , дедилар (имом Аҳмад, имом Муслим ва имом Термизий ривояти) .

Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннат меваларида ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши ирода қилинмоқда.

Беморни зиёрат қилган киши фаришталарнинг дуо ва истиғфорларига эга бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинади: У киши айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қайси бир мусулмон бошқа бир (бемор) мусулмонни эрта тонгда кўргани борса, оқшом тушгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Агар уни оқшомда кўргани борса, тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Ва жаннатда у учун бир бўстон бўлади” деганларини эшитганман”, дедилар. Термизий ривоят қилган. 

Араб тилида “салавот” сўзи “салот”, сўзининг жами бўлиб, дуо қилиш маъносини билдиради. “Салавот” сўзи Аллоҳ таолога, фаришталарга ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳам нисбатан ишлатилган. Уламолар, Аллоҳ талога нисбат берилган салавотдан, Аллоҳнинг раҳмати, фаришталарга нисбат берилган салавотдан, уларнинг бандалар учун, дуо ва истиғфор айтишлари, Пайғамбаримизга нисбатан ишлатилган салавот эса, мусулмонларнинг у зотни улуғлашлари ва дуо қилишларидир, дейишган.

Беморни зиёрат қилиш касал кишига руҳий мадад бўлади, яъни, у ўз дўстлари олдида қадри-қиммати борлигидан хурсанд бўлиб, яшашга бўлган иштиёқи янада кучаяди. Беморнинг кайфияти кўтарилиши эса, касалликни енгишга сабаб бўлади. Шунингдек, у яқинларининг, дўстларининг меҳр-оқибатлари ва дуоларига сазовор бўлади. Натижада, улар ўртасида меҳр-оқибат, муҳаббат зиёда бўлади.

Нурулло Маҳкамов, 
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме 
масжиди имом-ноиби