Жамият аъзоларига муносабат

БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ – ИНСОНИЙ БУРЧ.

БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ – ИНСОНИЙ БУРЧ.

Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебаҳоларидан иккитаси – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турганимиз учун меҳрибон Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтамиз!

Аллоҳ таоло Ўз хоҳиш-иродаси билан баъзи бандасига дард бериб, у сабабли бандаларининг хато-камчиликларини ўчириб, гуноҳларини ювади. Халқимизда “Иссиқ жон, иситмасиз бўлмас” деган нақл бор. Албатта, бу нақл бежиз айтилмаган. Зеро, хасталик гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!” Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир (Бақара сураси, 155-157 -оятлар).

Бемор кишининг ҳолидан хабар олиб, кўнгил сўраш – мусулмонларнинг вазифаси бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бешта: саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозада қатнашиш, чақирилган жойга бориш, аксирган кишига (“Ярҳамукаллоҳу…”, деб) жавоб айтиш” (Имом Бухорий,  ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири – касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани боришлик экан.

Беморни зиёрат қилиш фазилати ҳақида ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бир мусулмон бошқа бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади” (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, агар бемор учун ноқулай бўлмаса, кечқурунлари ҳам уларни кўриш учун бориш мумкиндир. 

Беморларни зиёрат қилиш фазилати ва уларнинг қалбига хурсандчилик киргизувчи ҳадислардан бири – қуйидаги ҳадиси қудсий бўлиб, унда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Аллоҳ таоло бундай дейди: “Аллоҳ таоло қиёмат куни бундай дейди: “Эй одам фарзанди, (нега)мен касал бўлганимда мени кўргани қилмадинг? Банда эса: “Эй Раббим, ахир Сен оламлар Парвардигорисан, қандай сени кўргани бораман?” Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Сен фалончи бандамнинг касал эканини билиб туриб, нима учун уни кўргани бормадинг? Билмайсанми, агар ўша касални зиёрат қилиш учун олдига борганингда, унинг ҳузурида мени топардинг?” (Имом Муслим ривояти).

Афсуски, ҳозирги кунда шу нарсаларни гувоҳи бўламизки, баъзи кишилар кексайиб қолган ота-оналари ва яқин қариндошлари, маҳалладошлари, касбдошлари, дўстларини бориб кўриш учун вақт йўқлигини сабаб қилиб, зиёрат қилишга, дуоларини олишга бормайдилар. Бу билан кўп савоблардан бенасиб қоладилар. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга касал бўлган биродарларимизни зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олишга ундаб шундай деганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар ва улардан ҳаққингизга дуо қилишларини сўранглар. Чунки касалнинг дуоси фаришталарни дуоси каби мустажобдир ва унинг гуноҳлари кечирилгандир” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилган).

Аллоҳ таоло бемор кишиларнинг дардларига шифо берсин,   беморларни даволаётган ва улар ҳолидан хабар олаётганларга Ўзи мададкор бўлсин!

Иброҳим Тожиддинов,
Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-ноиби