Таълим тарбия

БАХИЛЛИК — ЯХШИЛИККА ҒОВ

БАХИЛЛИК — ЯХШИЛИККА ҒОВ

Бир куни сахий инсон дўстининг фикрини билмоқчи бўлиб, ундан сўрабди: — Дўстим, бир муҳтож инсонга ўн минг доллар эҳсон қилмоқчиман. Нима дейсан?

Дўсти дарҳол эътироз билдирибди: — Йўғ-е, дўстим! Бу жуда кўп-ку! Шунча пулни бировга берасанми? — Унда минг доллар берсам-чи? — Бу ҳам кўп, дўстим! Озроқ берсанг бўлмайдими? — Майли, юз доллар берсам-чи?

Дўсти яна шошиб жавоб берибди: — Қўйсанг-чи! Юз-икки юз минг сўм берсанг ҳам етади-ку!

Шунда сахий инсон афсус билан бош чайқаб дебди: — Эҳ, дўстим! Мен ўша пулни сенга бермоқчи эдим. Сенинг аҳволингни яхшилаш, кўнглингни кўтариш ниятида эдим. Аммо сенинг бахиллигинг ва ичиқоралигинг сабабли ўзингни эҳсондан, мени эса бировга яхшилик қилиш имкониятидан маҳрум қилдинг!

Афсуски, баъзи инсонлар ўзгаларга яхшилик қилишни истамаганидан ҳам кўра, бошқаларнинг яхшилик қилишига кўпроқ тоқат қила олмайдилар. Улар бировнинг қўли очиқлигини кўрса, хурсанд бўлиш ўрнига, унинг қўлини қайтаришга уринадилар. Гўё бировга берилган эҳсон ўз чўнтагидан чиққандек, бир муҳтожнинг қувончи ўз бахтини камайтирадигандек!

Бундай инсонлар бир ҳақиқатни англамайдилар: сахий инсоннинг моли камайиши мумкин, аммо бахил инсоннинг қалби саховатдан маҳрум бўлади.

Ваҳолонки, Ислом динида саховат фақат мол-дунёни улашишгина эмас, балки инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат ва ишончни мустаҳкамлайдиган энг улуғ фазилатдир. Сахийлик инсонни Аллоҳга ва одамларга яқинлаштирса, бахиллик уни узоқлаштиради. Ҳасад ва зиқналик одамнинг нафақат охиратини, балки бу дунёдаги осойишталигини ҳам барбод қилади.

Бировнинг яхшилик қилишига тўсқинлик қилиш — бир инсоннинг кўнглига қувонч киришига ғов бўлишдир. Эҳтимол, ўша эҳсон бир муҳтожнинг дардига малҳам, бир етимнинг юзига табассум, бир қарздорнинг оғир юкини енгиллатиш учун сабаб бўларди.

Аммо бахиллик инсоннинг кўзини шундай кўр қиладики, у яхшиликнинг савобини эмас, фақат сарфланадиган маблағни кўради. Унинг назарида эҳсон — йўқотиш, саховат эса — зарар. Ҳолбуки, яхшилик қилиш молнинг камайиши эмас, балки Аллоҳнинг розилигини умид қилишдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида сахийлик ва бахилликнинг мисолини келтириб, сахий киши Аллоҳнинг ҳимоясида ва жаннатга яқин бўлишини, бахил эса Аллоҳдан ҳам, одамлардан ҳам узоқлашишини таъкидлаганлар. Эҳсон қилишни ният қилган биродарининг қўлини қайтариш орқали инсон ўз қалбидаги шукроналик туйғусини ҳам сўндириб қўяди.

Эй азиз инсон! Биродарингиз яхшилик қилишга чоғланса, уни қайтарманг. Қўлингиздан келмаса, ҳеч бўлмаса, унинг эзгу ниятига соя солманг. Сиз бера олмаган эҳсонни бошқа биров бериши, сиз оча олмаган эшикни бошқа биров очиши мумкин. Аммо бировнинг саховатини сўндириб, уни яхшиликдан қайтариш билан қанчадан-қанча эзгу ишларга тўсиқ бўлаётганингизни ўйлаб кўринг.

Зеро, ҳақиқий бойлик фақат чўнтакдаги пул билан ўлчанмайди. Баъзан бировнинг бахтига шерик бўлишга қодир қалб миллионлардан ҳам бойдир. Баъзан эса бутун дунё молига эга бўлган инсоннинг қалби саховатга зор бўлади.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Ўзингиздан сўранг: бировнинг яхшилигига сабабчи бўляпсиizmi ёки унга тўсиқ бўляпсиizmi? Бировнинг қўлини очишга ундаяпсиizmi ёки унинг қўлини боғлаяпсиizmi?

Хулоса қилиб айтганда, саховат — бу юрак кенглиги ва иймоннинг бутунлигидир. Келинг, биримизнинг қўлимиздан яхшилик ўтишига тўсқинлик қилмайлик, аксинча, эзгу ишларни қўллаб-қувватлайлик. Чунки бошқаларнинг яхшилигига шерик бўлиш ҳам катта савоб ва бахтдир.

Унутманг: сахий инсон эҳсон қилиб молидан беради, бахил инсон эса ўзининг тор фикри ва хасислиги билан яхшиликка тўсиқ бўлади.

Баъзан инсоннинг энг катта бахтсизлиги пули йўқлиги эмас, балки қалбида саховатга жой йўқлигидир!

Абдулаҳад Саримсоқов,
Тўрақўрғон туман “Хонақоҳ” жоме 
масжиди имом-ноиби