Жамият аъзоларига муносабат

“АТРОФ МУҲИТНИ АСРАШ ВА ЯШИЛ ИҚТИСОДИЁТ ЙИЛИ”

“АТРОФ МУҲИТНИ АСРАШ ВА ЯШИЛ ИҚТИСОДИЁТ ЙИЛИ”

Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Деҳқончилик улуғ, фазилатли амалдир. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг раҳмати остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади. Зеро, деҳқончилик улуғ ибодатлардан саналади. Чунки деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради. Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситадир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади. Аллома Мовардий раҳматуллоҳи алайҳи айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.

   Ҳадис шарифларда ерни обод қилишга тарғиб этилиб, ўзи ёки бошқалар учун экин экканга ажр ваъда қилинган. Кўчат ёки экиндан чиққан мева, улардан олинган уруғлар ва кўчатлар экилса ва бу қанча такрорланса ҳам савоби қиёматгача давом этаверади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан келган ривоятда: “Қайси киши бирор кўчат экса, унга ўша кўчатдан чиққан мева миқдорича яхшилик ато этилади”, дейилади. Бу эса мукофотнинг миқдорини белгилаш билан бирга, деҳқончиликнинг фазилати нақадар улуғ эканини кўрсатади.

Кўп саҳобалар, ҳатто айрим пайғамбарлар ҳам шундай ишлар билан шуғулланишган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқда кўчат экиб турганларида олдиларидан бир киши ўтиб: “Расулуллоҳнинг саҳобаси бўлатуриб, кўчат экиб ўтирибсизми?” деди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Шошма, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам боласи ёки Аллоҳнинг яратганларидан бирортаси еса, унга шу сабабли садақа бўлади”, деганларини эшитганман, деб айтди” (Имом Аҳмад ривояти).

Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар. Ер юзида экин, кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фарзи кифоя бўлиши инсонлар ва бошқа мавжудотларнинг ризқи унга боғлиқ бўлганлиги учундир. Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Хабарларда келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар. Шунинг учун деҳқончилик асбоб ускуналарини, у омочми, кетмонми, белкуракми ўзи ишлатмаса, ўзгалар сўраб келганда улардан қизғанмай бериш, фазилат ҳисобланади ва уйидан хорлик кўтарилишига сабаб бўлади. Қайтага асбоб, иш қуроли ишлаб турса зангламай ўткир бўлиб туради. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримнинг “Маъун” сурасида: “Ва рўзғор буюмларини (кишилардан) маън этадиганларга вайл бўлсин”, деган. Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари — фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришади. Аллоҳ таоло Залзала сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, кимки зарра миқдорда яхшилик қилса (натижасини) кўрадир”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак: жорий 2025-йилни Юртбошимиз томонларидан “Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинишлиги халқимиз қадриятлари ва динимиз ўгитларини рўёбга чиқиши десак асло муболаға бўлмайди. Бугун хар биримиз ғайрат ва химмат камарини махкам боғлаб, ўлкамизни хар бир қаричини кўкаламзорлаштириш ва боғ-у бўстонга айлантиришдек бу хайрли ишда ўз хиссамизни қўшайлик.

 

Баҳодир Шарипов,
Чуст туман бош имом – хатиби