Жамият аъзоларига муносабат

ҲАҚИҚИЙ БОЙЛИК — ҚАЛБ ХОТИРЖАМЛИГИДАДИР

ҲАҚИҚИЙ БОЙЛИК — ҚАЛБ ХОТИРЖАМЛИГИДАДИР

Мўмин киши ҳар борада вазминлик ва тавозеда яшайди. Бироқ тавозе ўзини қийнаш, машаққатга солиш, қулайликдан воз кечиш дегани эмас. Бунда уй жиҳозлари ва яшаш тарзида исрофга йўл қўймасдан, эҳтиёжига кўра иш тутиш назарда тутилади.

Динимиз кийим-кечак, ейиш-ичиш, умуман, яшаш тарзи билан керилишдан қайтаради:

«Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Роббингизнинг ризқи яхшириоқ ва боқийроқдир» (Тоҳо сураси, 131-оят).

Агар дунё аҳлига кўз-кўз қилишга арзигулик бирор неъмат берилган бўлса, буларнинг барчаси синовдир. Зеро, дунё матолари суянса ва ишонса бўладиган нарса эмаслиги ҳадиси шарифларда атрофлича баён этилган.

Имом Абу Довуддан ривоят қилинади:

«Бир куни саҳобаи киром ўзаро дунё бойликлари ҳақида суҳбатлашиб ўтиришган эди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Хабарингиз бўлсин, ўртача ҳаёт имондандир, ўртача ҳаёт имондандир”, дедилар».

Бу ерда келган «ўртача» сўзини олимлар дунё матосига хирс қўймаслик, ҳашамдан қочиш деб таърифлашади. Демак, имон ҳашамдан қочишни тақозо қилади. Чунки ҳашам ҳаддан ошишга сабаб бўлади.

Динимиз тарғиб қилаётган ўртача ҳаёт нима ўзи? Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

«Эркакми ё аёлми — кимдаким мўмин бўлган ҳолда бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ҳаёт баҳш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз» (Наҳл сураси, 97-оят).

Бу ўринда «ёқимли ҳаёт»дан мурод моддий тўкин-сочинлик эмас, хотиржам, покиза ҳаётдир. Яъни одам меҳнат қилади, югуриб-елади, машаққат тортади, бироқ қалбини хотиржамлик тарк этмайди. Ўртача ҳаётни хоҳловчилар ана шундай ҳузурга эришади. Бу хотиржамликнинг молу давлат билан боғлиқ жойи йўқ. Чунки ички олами бой кишининг ташқи кўриниш билан мақтанишга эҳтиёжи бўлмайди. Қалб гўзаллашган сари дунё матоҳлари ўз жозибасини йўқотиб бораверади. 

Бироқ, кузатсак, давримиз одамларининг аксарияти ҳар борада роҳат-фароғатни кўзлаётганига гувоҳ бўламиз. Нега шундай? Бунга асосий сабаблардан biri жамият онгига катта таъсир ўтказаётган оммавий ахборат воситалари кечаю кундуз ўйин-кулгу, кўнгилхушлик, нафсоний ҳавасларга тобе ҳаёт тарзини тарғиб этаётганидир.

Ҳалол-ҳаромни ўйламай, тоғ-тоғ бойликлар, чексиз роҳатлар ортидан қуваётганлар хотиржамлигини ва ҳаловатини йўқотади. Бир ривоятда айтилишича, ҳасис киши умр бўйи ишлаб, кейинчалик роҳат-фароғатда яшайман, дея бойлик тўплайди. Бироқ ҳали кўзлаган маблағини жамғармай туриб ёнига ўлим фариштаси келади ва умри тугаганини айтади. Надоматда қолган ҳасис бутун бойлиги эвазига бир соатгина вақтини сотиб олмоқчи бўлади, лекин бунга эриша олмайди. Инсоннинг маънавий олами қашшоқ бўлса, ҳеч қачон узун, пуч орзу-ҳаваслардан қутила олмайди. Ҳатто ўлим соати келганида ҳам нафсининг хоҳишлари тугамайди...

Аллоҳ таоло барчамизга чинакам тавозеъ, ўртача ҳаёт тарзи ва қалб хотиржамлигини насиб этсин!

Назиржон Қўчқаров,

Наманган тумани “Умарбой ҳожи” жоме 

масжиди имом-хатиби