Аёллар саҳифаси

АЁЛ КЎНГЛИНИ ТОПГАН ЭРКАК — ФАҚАТ ОИЛА БОШЛИҒИ ЭМАС....

АЁЛ КЎНГЛИНИ ТОПГАН ЭРКАК — ФАҚАТ ОИЛА БОШЛИҒИ ЭМАС....

Аёл қалби — нозик, аммо чуқур олам. Унга йўл топиш учун зўрлик ёки талаб эмас, балки меҳр, ҳурмат ва донолик керак. Қуйидаги маслахатлар оилада муҳаббат, осойишталик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.

Аввало, аёлингиз билан суҳбатлашаётганда ижобий сўзлардан фойдаланинг. Сўз — қалб калитидир. Салбий, оғир ёки камситувчи сўзлар қалбни яралайди, илиқ сўзлар эса уни очади. Гапингизни аниқ, равон қилиб айтинг, у тўлиқ англаб етмагунча сабр билан тушунтиринг.

Аёлингизни чиройли исмлар, меҳрга тўла лақаблар билан чақиринг. Бу унинг ўзини қадрли ва азиз ҳис этишига сабаб бўлади. Бўш вақтингизни у билан суҳбатга, ҳол-аҳвол сўрашга, орзу ва фикрларингизни бўлишишга сарфланг. Яхши янгиликларни биринчи бўлиб унга етказинг — чунки у сизнинг қувончингизнинг шериги.

Энг яхши хотираларингиз айнан у билан боғлиқ эканини доим ёдда тутинг. Ҳаётда енгил ҳазил, меъёрли шухлик муҳаббатни янада ширин қилади. Спорт ёки бошқа машғулотларда дўстона мусобақалашиш орқали ўзаро яқинликни кучайтириш мумкин.

Аёлингизнинг сиз учун муҳим бўлган қарашлари ҳақида ўз фикрингизни очиқ, лекин мулойим билдиринг. Шу билан бирга, унинг фикрларини диққат билан тинглаб, чуқур ўрганиб чиқинг. Сизга маслаҳат ёки ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдиришни унутманг — шукр қалбларни яқинлаштиради.

Аёлингизни ўзи маъқул топмаган инсонларни бориб кўришга мажбурламанг. Унинг эҳтиёжларини етарли даражада моддий жиҳатдан таъминлаш ҳам эркаклик масъулиятидир. Қаерда бўлишингиздан қатъи назар, у билан доим алоқа қилиб туринг, имкони борича тезроқ уйга қайтишга ҳаракат қилинг.

Кичик бўлса ҳам, ҳадя олиб келишни унутманг — ҳадя муҳаббат белгисидир. Ҳар доим озода, тоза-пок юринг, аёлингиз учун хушбўйланинг. Бу ҳам ҳурмат ва эътиборнинг бир кўриниши.

Тўшак сирлари, аёлингизга тегишли муаммолар ва шахсий маълумотларни ҳеч қачон бошқаларга ошкор қилманг. Уни ота-онасини зиёрат қилишга олиб боринг, уларни ҳам аёлингизни кўриб туришга таклиф этинг.

Аёлингизни номаҳрам эркаклар билан эркин аралашиб юришига йўл қўйманг, лекин ортиқча рашк билан ҳам уни сиқманг. Муътадиллик — оила тинчлигининг асоси. Сизга нисбатан қилган хатоларини кечиришни ўрганинг. Аввало бир неча бор билвосита, кейин зарурат бўлса, бевосита насиҳат қилинг.

Аёлингизнинг фақат катта хатоларинигина ҳисобга олинг, майда-чуйдаларни эса кечирим билан қарши олинг. У хатога йўл қўйган пайтда ҳам унинг барча яхшиликларини ёдда тутинг.

Аёлингиз овқатни яхши қилмагани учун тергаманг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом ҳақида ёмон сўз айтмаганлар. Камчиликни айтишдан олдин уни билвосита, мулойим йўл билан билдиришга ҳаракат қилинг — тўғридан-тўғри танбеҳдан кўра бу усул афзалроқдир.

Аёлингизга қаттиқ ботадиган сўзларни айтманг. Ғазаб пайтида сукут сақланг, ғазабингиз тарқагунича кутинг. Бу сизга ўзингизни мувозанатда ушлаб туришга ёрдам беради.

Чунки аёл кўнглини топган эркак — фақат оила бошлиғи эмас, балки бахтли инсон ҳамдир.

 

Исмоил Жўраев,
Тўрақўрғон туман “Усмони Зуннурайн” жоме 
масжид имом ноиби