“Жиҳод” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.
Замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, душман мусулмонлар яшаб турган юртига босиб келганда мусулмонларнинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар. Барча Ислом уламолари бу ердаги жиҳод мудофаа учун бўлганлигини таъкидлашади.
Афсуски жиҳод сўзи мусулмон бўлмаган жамиятларда тушунмасликдан ёки атайлаб ёлғондан нотўғри талқин қилиниб келади. Унинг ўзагида жаҳада (куч сарфлаш, қаттиқ тиришиш) феъли ётади. Шундай қилиб, жиҳод куч сарфлаш астойдил ҳаракат қилиш, яъни бу сўз кенг маънони ўз ичи олади, унга фақат ҳарбий маъно бериш тўғри эмас.
Жиҳод сузи диний маънода «Аллоҳ хоҳишини бажаришда бор кучини сарфлаш, ҳаракат қилиш» маъносини билдиради. Бундан келиб чиқиб «мужоҳид» дегани –Аллоҳнинг ҳукмларини амалга оширишда бор имкониятдан фойдаланиб кучини сарфлайдиган кишига айтилади. Қўл жиҳоди-қонунбузарликни тўхтатишга қаратилган ҳаракат, қалб жиҳоди-ўз нафси билан курашиш, тил жиҳоди-амри маъруф наҳйи мункар, яхшиликка чақириш ёмонликдан қайтариш, Сўз ёки қалам жиҳоди диний тарғибот ва маърифат тарқатиш ҳаракати, динни турли ҳужумлардан сақлаш ва ҳаказ. Бу маънода жиҳод - мусулмоннинг барчага мумкин бўлган ва аҳдларга вафо қилган, ўзи яшаб турган мамлакатни қонунларига риоя қилган ҳолда бажариши лозим бўлган шахсий иши ва диний мажбурияти (фарз)дир.
Ҳулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, деганлар.(Имом Бухорий ривояти). Уламолар ушбу ҳадисларни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, Умму Анас (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”. деганлар.
Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди.
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам) ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.
Авазбек Тўраев,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме
масжиди имом-хатиби