Бугунги кунда «шахидлик мақомига эришаман» деб, ўзини-ўзи портлатиб, ўзи ва бошқалар ҳаётига замин бўлаётганлар учрамоқда. Улар сохта «шайхлари» чиқараётган «фатволар» га амал қилган ҳолда, бундай разил ишларга қўл ураётгани ҳамманинг нафратини қўзғамоқда.
Қуръони карим оятлари, Пайғамбар алайхиссалом ҳадиси шарифлари, мужтаҳид уламолар асарлари ва фатволарида ҳаёт Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган имконият ва айни дамда омонат эканлиги, унга хиёнат қилмаслик лозимлиги таъкидланиб, ўз жонига қасд этиш катта гуноҳ сифатида қатъий қораланган. Қуръони каримда: «Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни нохақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга рахм-шавқатлидир» деб айтилган.(Нисо,29)
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Ким ўзини тоғ тепасидан ташлаб улдирса, улганидан кейин жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ё осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг хукми хам унинг хукми бидан баробардир».
Яна бир ҳадисда бундай дейилади: «Аллоҳ таоло хадиси қудсийда баён килади: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, мен унга берган умрга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим» (Имом Бухорий).
Ўзини-ўзи ўлдириш бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади.
Динимиз таълимотида инсон ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади, ушбу ишни қилган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади.
Ислом шариъатида ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар берилган. Шулар жумласидан фиқҳ китобларида ўз жонига қасд қилиб, ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар.
Саййид Собиқнинг"Фиқҳус сунна" номли китобида эса жумладан, шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мудҳиш феълдан зажр қилмоқ, яъни умматларини қатъиян қайтармоқ учун ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга жаноза ўқимадилар”.
Баъзи бир кимсалар ўзини портлатиш билан гўё шаҳидлик мақомига сазовор бўлмоқчи бўладилар, аммо улар ўзларининг бу ғайриинсоний ҳаракатлари билан қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишига, майиб-мажруҳ бўлишларига сабаб бўладилар. Ислом таълимоти бундай ҳолатни кескин қоралайди ва бегуноҳ бир инсонга қилинган тажовуз деб билади. Бундай қабиҳ ишни қилган кимса бу дунёда ҳам, қиёматда ҳам азобу уқубатда қолади, деб таъкидлайди.
Ва яна далил сифатида келтиришимиз мумкин: Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Радд ал-муҳтор”да айтишича,
Гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди. Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимсани жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки: Баъзи гуруҳ ва шахслар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз деб топишган.
Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
Давлатобод тумани “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме
масжиди имом-ноиби