Ислом иқтисодий тизимининг асосий устунларидан бири — закотдир.
Закот нафақат молиявий ибодат, балки жамиятда ижтимоий адолатни таъминловчи, камбағалликни камайтирувчи ва инсон қалбини покловчи муҳим ибодан ҳисобланади. У Қуръон ва суннатда қатъий фарз қилинган бўлиб, мусулмоннинг мол-мулкида муҳтожлар ҳаққи борлигини эълон қилади.
Закот масаласи Ислом дини, ахлоқшунослик ва иқтисодий таълимотларида ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу боис унинг шаръий, ижтимоий ва манавий жиҳатларини ўрганиш муҳимдир.
1. Закотнинг луғавий ва шаръий маъноси:
Луғавий маъноси: “Закот” сўзи арабча “زكاة” бўлиб, покланиш, ўсиш, барака маъноларини англатади.
Шаръий маъноси: белгиланган нисоб миқдорига етган молдан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаган тоифаларга беришдир.
Қуръони Каримда закот кўп марта намоз билан бирга зикр қилинган. Масалан, Қуръони Карим нинг “Бақара” сураси 43-оятида:
“Намозни тўкис адо этинглар ва закотни беринглар…”
Бу закотнинг исломдаги ўрни нечоғлик муҳим эканини кўрсатади.
2. Закотнинг фарз қилиниши:
Закот ҳижратнинг иккинчи йилида фарз қилинган. У Исломнинг беш рукнидан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Ислом беш нарса устига бино қилинган…” (шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаж)
Бу закотнинг эътиқодий ва амалий аҳамиятини белгилайди.
3. Закот берилиши шартлари:
Закот фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд:
Мусулмон бўлиши,
Озод бўлиши,
Балоғат ва ақл эгаси бўлиши,
Нисоб миқдорига эга бўлиши,
Мол бир ҳижрий йил давомида сақланган бўлиши.
4. Нисоб ва миқдор:
Закот нисоби олтин ёки кумуш миқдори билан белгиланади:
85 грамм олтин ёки 595 грамм кумуш, шунингдек, пул ва савдо моллари шу қийматга тенг бўлса, 2,5% миқдорида закот берилади.
5. Закот бериладиган тоифалар:
Закот Қуръони Карим нинг “Тавба” сураси 60-оятига кўра саккиз тоифага берилади:
Фақирлар, Мискинлар, Закот йиғувчилар, Қалби исломга мойил қилинувчилар, Қулларни озод қилиш, Қарздорлар, Аллоҳ йўлидаги ишлар, Йўлда қолган мусофирлар.
6. Закотнинг ижтимоий аҳамияти:
Закот жамиятда:
Молиявий тенгсизликни камайтиради.
Камбағалликни қисқартиради.
Биродарлик ва меҳр-оқибатни кучайтиради.
Иқтисодий айланмани фаоллаштиради.
Закот — ижтимоий ҳимоянинг исломий модели ҳисобланади.
7. Закотнинг манавий жиҳати:
Ислом динида мол инсонники эмас, балки Аллоҳнинг амонати ҳисобланади. Инсон эса унинг муваққат бошқарувчисидир. Шу нуқтаи назардан закот:
Нафсни хасисликдан поклайди.
Инсонни маънавий юксалтиради.
Молни баракали қилади.
Закот — иқтисодий эмас, маънавий тарбия воситаси ҳамдир.
Хулоса:
Закот Ислом иқтисодий ва ахлоқий тизимининг асосий пойдеворларидан биридир. У шахсий покланиш, ижтимоий адолат ва иқтисодий барқарорликни таъминлайди. Закотни тўғри адо этиш орқали жамиятда муҳтожлик камаяди, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат мустаҳкамланади.
Акрамхон Абдуллаев,
Наманган шаҳар “Ёқуббой ҳожи” жоме
масжиди имом ноиби