Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини айнан ушбу ойда беришга одатланишган.
Аллох таоло Қуръони каримда мархамат қилади:
“Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва бечора учун маълум ҳақ бордир” (Маъориж сураси, 24-25-оят) .
Аллох таоло бу оятда: Бойлар бир қисм молларини камбағалларга беришларини фарз қилган.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Қачон молингизни закотини адо қилсангиз, албатта, зиммангиздаги бурчни бажарибсиз”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктирмаслиги керак. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.
Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учрайди. Бу ҳақида Оиша разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:
“Қачон бир молга (фақирларнинг ҳаққи бўлмиш) закот аралашса, албатта, молнинг баракасини кетказади” (Имом Бухорий ривояти)
Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.
Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз, деганлар.
Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Демак, закот бериш – қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими –баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло бир неча оятларида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадисларида бойнинг молида камбағалнинг ҳаққи борлигини баён қилганлар. Шундай экан, ким молининг закотини хасислик ва оч кўзлик қилиб бермаса, барибир ўзи билмаган ҳолда камбағални ҳаққи уни молидан чиқиб кетади. Демак, камбағални ҳаққи барибир чиқиб кетар экан, ундан кўра закот вожиб бўлган вақтда закотини берган кимса ҳам зиммасидаги фарзни адо қилган бўлади, ҳам закоти берилган молларга ваъда қилинган барча фазилатларга эришади. Дунё ва охиратдаги юксак даражаларга эришади.
Жобирхон Халимхон ўғли
Наманган шаҳар “Хазрати Лангар” жоме
масжиди имом ноиби