Ватанга муҳаббат — бу баландпарвоз сўзлар ёки фақат байрамларда айтиладиган шиор эмас. Ватанга муҳаббат — инсоннинг ички эътиқоди, ҳаётий позицияси ва кундалик фаолиятида намоён бўладиган масъулиятли муносабатдир. Инсон қаерда яшамасин, қайси касб эгаси бўлмасин, унинг Ватан олдидаги бурчи аввало ҳалол яшаш, жамиятга фойда келтириш ва келажак авлод олдида юзини ёруғ қилишдир.
Ватан — бу фақат туғилиб ўсган ҳудуд эмас. У — ота-онанинг дуоси, болалик хотиралари, она тили, миллий қадриятлар ва умумий тақдирдир. Шу боис Ватанга муҳаббат инсон қалбида аста-секин, тарбия ва тажриба орқали шаклланади. Ёшликда бу туйғу ҳиссиёт тарзида намоён бўлса, вақт ўтиши билан онгли, масъулиятли муҳаббатга айланади.
Ватанни она бағрига қиёслаш ҳам жоиз. Она фарзандини ҳар куни мақтаб, эркалаб турмаса ҳам, унинг тақдири, хавфсизлиги ва келажаги учун доим қалбан хавотирда бўлади. Фарзанд эса онани фақат соғинганда ёдга олса, бу муҳаббат тўлиқ эмас. Худди шундай, Ватан ҳам биздан фақат оғир кунларда ёки байрамларда эмас, балки ҳар куни ғамхўрлик, садоқат ва масъулият кутади. Уни асраш — тинчликни қадрлаш, уни обод қилиш — ҳалол меҳнат, уни ҳимоя қилиш эса пок ният ва соғлом тафаккур билан амалга ошади.
Бугунги кунда Ватанга муҳаббатни фақат сўз билан эмас, амал билан исботлаш талаб этилади. Қонунларга риоя қилиш, касбни сидқидилдан бажариш, ҳалол меҳнат қилиш, атроф-муҳитга бефарқ бўлмаслик — буларнинг барчаси ватанпарварликнинг амалий кўринишларидир. Айниқса, оила ва фарзанд тарбиясида Ватанга муҳаббат руҳини сингдириш катта аҳамиятга эга. Чунки келажак Ватан тақдири айнан бугун тарбияланаётган авлод қўлида бўлади.
Ватанни севиш — уни танқид қилмаслик дегани эмас. Аксинча, ҳақиқий ватанпарвар инсон жамиятдаги муаммоларга бефарқ қарамайди, уларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Муаммоларни кўриб туриб сукут сақлаш эмас, балки қонун доирасида, ақл ва маърифат билан ечим излаш — бу ҳам Ватанга бўлган садоқатнинг белгисидир.
Шунингдек, Ватанга муҳаббат инсондан сабр ва шукроналикни талаб қилади. Ҳар қандай давлат ўз ривожланиш йўлида турли синовларни бошидан кечиради. Ана шундай пайтларда Ватанни ташлаб кетиш эмас, балки уни ривожлантириш учун масъулиятни ҳис қилиш етук фуқаролик позициясидир. Онага беэътибор фарзанд қандай маънавий қашшоқ бўлса, Ватанига бефарқ инсон ҳам жамият учун оғир юкка айланади.
Хулоса қилиб айтганда, Ватанга муҳаббат — бу умрбод давом этадиган маънавий бурчдир. У инсоннинг билим савияси, тажрибаси ва ҳаётга бўлган қараши билан чуқурлашиб боради. Ҳар биримиз ўз ўрнимизда Ватан равнақи учун ҳалол меҳнат қилсак, қонунларга амал қилсак ва келажак авлодга соғлом маънавий мерос қолдирсак, ана шунда ватанпарварлик ҳақиқий мазмун касб этади.
Зуҳриддин Луқманов,
Янги Наманган тумани “Саййид Абдуллатифхон махдум” жоме
масжиди имом-хатиби