Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, муқаддас Ислом динимизга эътибор қаратилди. Миллий қадриятларимиз, урф – одатларимиз кайта тикланди. Собиқ шўро даврида юртимиздан бир, иккита, нари борса учта одам Саудия Арабистонига ҳаж ва умра амалларини бажаришлик учун боришган. 1990 йилларда ҳам мамлакатимиздан беш юзта одам муборак ҳаж амалларини бажаришлик учун Саудия Арабистонига боришди. Тарихда ота – боболаримиз “Бизга ҳам муқаддас жойларга бориб, хаж амалларини бажаришлик насиб қилармикан ?” – деб йиғлаб – йиғлаб дуо қилиб ўтишган.
Айнан мустақиллигимиз сабаб ҳар йили юртимиздан ҳаж сафари учун борувчилар сони кўпая бошлади. Йилдан-йилга борувчилар сони ошишлик хисобига умра сафари учун лимитлар бекор қилиниб бугунги кунда йилниг ҳар вақтида муқаддас умра сафари учун борувчиларга имконятлар кенгайди.
Жорий йилда Ҳаж сафарига эса ўн беш мингдан зиёд одам муборак ҳаж зиёратини бажариб келишди.
Яна қуванарлийси, юртимизда халол касб ва инсонлар манфати учун фидокорона хизмат қилган бир юз нафар фуқароларни мухтарам Президентимиз томонларидан юборилиши инсонлар ўртасида янада яшашга бўлган иштиёқни ошиши ва мехнат қилган инсон бу юртда қадрланишлигини хис қилишди.
Буларни кўриб ва қалбимдан қувониб сафар давомида Юрт ўғлони бўлган шоир Муҳаммад Юсуфнинг шеърини эсладим:
Қушдай учиб қучоғингдан дунё кездим,
Кезиб – кезиб топганларим соғинч бўлди.
Қанча олис кетсам, шунча қадринг сездим,
Қайда юрсам ёду меҳринг овунч бўлди.
Айланай қора қошу кўзингдан – а,
Ўзингдан қўймасин ҳалқим, ўзингдан – а.
Юзларига ажин тушган, сочларига оқ оралаган боболаримиз, момоларимиз сўзларига эътибор берсам, Ўзбекистон жаннатмакон диёр деб айтишади.
Бу муборак сафар асносида юртдошларимизга алоҳида этибор ва шароитлар яратилганлигини кўриб хожиларимиз жуда хам мамнун бўлишди. Ҳаж амалларини бажариб бўлгачи барчалари жонажон юртимиз бўлган киндик қони тўкилган ватанимиз соғинчи ўлароқ дуолар қилиб юртимиз равнақи ва фаровонлиги тўғрисида фахрланиб гапиришди.
Меҳмонхона ходимига миллий урф – одатларимиз, инсонларнинг бир – бирига бўлган меҳр – оқибати, меҳр – шафқати тўғрисида гапирдим. Қурилаётган замонавий, намунали уйлар тўғрисида, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида гапирдим. Шунда ёнимда ўтирган араблар: “Сизларда қандай ҳам яхши-а. Юртингиз тинч, тўйлар, байрамлар, боғу – роғлар, бу катта бахт-ку”,- деб, менга ҳавас билан қарашди.
Ҳақиқатда, Саудия Арабистонида ҳар бир дарахт сунъий томчилатиб суғорилади. Бизга оддий кўринган манзара: ёз кунлари ҳовлига сувлар сепилган, райҳон гуллари иси ховлини қамраб олган, узумсўри тагида супада ўтирган оталар “Қўшни, чойга”,- деб бир – бирларини чойга таклиф қилишади.Саудиа Арабистонида тўрт фасл иссиқ бўлгани учун хар-бир хонага кондиционер қўйилган .Айниқса ёз ойларида 50-60 даража иссиқ бўлади.Уйларининг олдига махсус тупроқ келтириб гуллар, дарахтлар экишади.
Бир пайтлар тақдир тақозоси билан Арабистонга бориб қолган Ўзбекистонлик ватандошлар хам, хамма нарса етарли эканлигини, фақатгина “Ватан соғинчи” билан яшашликларини айтишади.
Ҳа, азизлар биз Аллоҳ назар солган Ўзбекистон заминида туғилганимизга ва мана шундай заминда ҳаёт кечираётганимизга шукроналар айтайлик. Зеро диний китобларда ҳам “Ватанни севмоқ иймондандир” дейилган.
Зуҳриддин Турдиматов,
Учқўрғон туман “Нурмухаммад бува”
жоме масжиди имом хатиби