Жамият аъзоларига муносабат

ВАҚТ ҚАДРИГА ЕТИШ ОҚИЛЛИКДИР.

ВАҚТ ҚАДРИГА ЕТИШ ОҚИЛЛИКДИР.

Баъзан шундай воқеалар бўлади, ўз вақтида унинг нима учун шундай рўй бергани англаб етиб хулоса чиқарилмайди. Вақтлар ўтиб хатолар тушиниб етилади лекин имкон қўлдан кетган, бой берилган неъматга қайта эришишга имкон йўқ.

 Мана шундай неъмат уламоларга ҳамроҳ бўлиш ва уларнинг илмларидан фойдаланиб қолишдир. Кўпинча уламолар ёнида юрганлар ғафлатда қолиб, шундай имконни қўлдан чиқарадилар. 

Бунга бир мисол, Раҳимов Дўстмуҳаммад домла айтадилар: “2014 йил октябрь ойи охирларида Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ Хоразмга ташриф буюрдилар. Устозни Хивада кутиб олиб, у киши ва ҳамроҳлари билан Урганчга йўл олдик. Устоз вақтини бир дақиқа ҳам зое кетказмас эдилар. 

Йўл давомида ҳамроҳлар билан илмий суҳбат қуришга ҳаракат қилар, улар бўлса устознинг суҳбатини бўлиб, футбол мавзусидан гап очар эди. Улар тинмай шу куни кечки пайт бўладиган футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси чорак финали ўйини кўришни, кейинги финалда ким ғолиб бўлишини муҳокама қилар эдилар. 

Манзилга тезроқ етиб бориб футболни ўз вақтида кўришга ошиқар эдилар. Илмдан кўра футбол кўришга кўпроқ қизиқиб турган ҳамроҳларнининг бундай ҳолати Ёрқинжон домлага хуш келмади ва бироз ранжиб уларга; “Кўра олманглар шу футболни” дедилар.

Ниҳоят Урганч шаҳрига бориб, бир хонадонга жойлашдик. Ҳамроҳларимиз дарров хонадон соҳибидан телевизор антенасини созлаб, фудбол бўладиган канални қўйиб беришини сўрашди. 

Биз устознинг  атрофларида суҳбатларини мароқ билан тинглаб ўтирар эдик. Футбол ишқибозлари эса телевизор яқинига бориб олишди. Улар интизор бўлиб кутган вақт келиб, телевизорда футболчиларнинг ўйинга тайёргарлик машғулотларини кўрсатила бошланди. Лекин уларнинг қувончлари узоққа чўзилмади. 

Футболчилар саф тортиб, стадионга расмий чиқишни бошлаган эди. Бирданига  телевизорни экрани бижирлаб кўрсатмай қолди. Ушбу ҳолатга устоз кулиб, уларга қараб; “Ҳали йўлда айтгандим-ку, шу фудболни кўра олмайсизлар, деб" дедилар. 

Футбол ишқибозлари шунда ҳам тақдирга таслим бўлмай, баъзилари телевизорни, баъзилари эса антенани тузатишга уринишди. Ҳар қанча ҳаракат қилишмасин телевизор ўша футбол бериладиган каналини ўйин тугагунича кўрсатмади. 

Менинг қулоғим остида ҳалиям устознинг йўлда ҳамроҳларга "Кўра олманглар шу футболни" деган сўзлари жаранглар эди.

Ушбу воқеани ҳар гал эсласам уламолар Аллоҳнинг бизга берган улуғ неъмати эканлиги, уларни қадрига етиб, фойдаланиб қолиш лозим эканлиги такидланаверади”.

Манбалар асосида тайёрланди. 

Сайфиддин Темиров,

Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме  
масжид имом ноиби