Устоз ва мураббийларни ҳурмат қилиш илмни ҳурмат қилишдир. Устозларни ҳурматини жойига қўйиш билангина инсон манфаатли илмга ва юксак мартабага эришиши мумкин. Устозу олимларга ҳурматсизлик қилиш илмга ҳурматсизлик қилиш бўлади. Бу сабабдан инсон илмдек буюк неъматдан маҳрум бўлиб қолиши ёки унинг манфаатларидан қуруқ қолиши мумкин.
Илм Аллоҳ таолонинг бандаларга берган энг улуғ неъматларидан биридир. Бу улуғ неъматни эгаллаш йўлига кирган толиби илмлар ва уни ўргатувчи устозларнинг қадри ҳамма замону маконда, ҳар қандай жамиятда ҳам юқори туради. Зеро, устоз ҳурмати – илм ҳурмати демакдир.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каттамизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган, олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас”, деб айтганлар.
Амирул-мўминийн Али розияллоҳу анҳу айтдилар: «Сенинг зиммангдаги олимнинг ҳақлари: одамларга умумий салом бериб, унинг ўзига алоҳида салом беришинг, унинг олдига ўтиришинг, унинг ҳузурида қўлинг ва кўзинг билан имо-ишора қилмаслигинг, унга «Фалончи сизнинг гапингизнинг аксини айтган эди», деб айтмаслигинг, унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг».
Амирул-мўминийн Али розияллоҳу анҳу яна шундай дедилар: «Унга кўп савол бермаслигинг, жавоб беришда уни машаққатга қўймаслигинг, эриниб турганида уни мажбурламаслигинг, кетиш учун ўрнидан турса, кийимидан тортмаслигинг, унинг сирини фош қилмаслигинг, унинг ҳузурида биронтасини ғийбат қилмаслигинг, буларнинг ҳаммаси олимнинг ҳақларидир. Олим хурмо дарахтига ўхшайди. У сенга мевасидан ташлашини кутиб туришинг керак».
Шаъбий айтадилар: «Зайд ибн Собит Али розияллоҳу анҳу уловларига миниш учун бордилар ва оёқларини узангига қўйдилар. Ибн Аббос Али розияллоҳу анҳу дарҳол бориб, узангини ушладилар. Зайд: «Қўйинг, эй Расулуллоҳнинг амакиваччаси, бундай қилманг» - дедилар. Ибн Аббос: «Йўқ, биз уламолар ва улуғларга шундай муомала қиламиз» - деб жавоб бердилар.
Ўтмишда олимлар ва устозларга ҳурмат-эҳтиромда бўлган шахслар келажакда баланд даражаларга эга бўлган ва ҳаёти ҳам яхшиликда ўтган. Инсоннинг камолоти, ҳаётда ўз ўрнини топиши, эл-юрт олдида эҳтиромга сазовор бўлиши ва олган илмидан ўзи ва бошқаларга манфаат етиши устозларини ҳурматини жойига қўйишга бевосита боғлиқдир. Толиби илм қандай мартаба ёки яхшиликларга соҳиб бўлган бўлган бўлса, устозини ҳурмат қилиш билан етишган бўлади ва аксинча обрў-мартаба ёки ҳаётда ўз ўрнига эга бўла олмаган бўлса, устоз ҳурматини тарк қилгани учун бўлади.
Халқимизда устоз отангдан улуғ, деган гап бор. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар намозларининг сўнгида ота-оналари қаторида устозларининг ҳакларига ҳам Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиладилар.
Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Авазбек Тўраев,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме
масжиди имом-хатиби